Уйида фоҳишахона очган фуқарога озодликни чеклаш чораси тайинланди

16:48 22 Октябр 2021 Жамият
461 0

Иллюстратив фото

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида ўз уйида фоҳишахона очган фуқаро З.Д.га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

– Бугунги кунда ҳалол йўл билан даромад топишнинг кўплаб имкониятлари мавжуд, – дейди Андижон вилоят суди матбуот хизмати раҳбари Нурилло Нўъмонов. – Қўлида касб-ҳунари йўқ инсон ҳам бир боғ кўкат сотиб, даромад топса бўлади. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини кўрсата бошлаган бир пайтда фоҳишалик билан шуғулланаётганларни, бу иллатга шароит яратиб бераётганларни умуман оқлаб бўлмайди.

Маълум бўлишича, қўрғонтепалик фуқаро шу йилнинг 17 март куни нафсини жиловлай олмаган тўрт нафар шахс хоҳишига кўра етарли шароит яратиб берган.

– Опа билан телефон орқали хонадонидан фойдаланиш учун рухсат сўрадик, – дейди гувоҳ Ф. Қ. – Хизмат ҳақини 100 минг сўмга келишдик.

Яхшиямки, ҳар ишда ҳушёр ички ишлар ходимлари бор. Маҳаллада юзага келган ноўрин хатти-ҳаракатлардан хабар топган осойишталик посбонлари воқеа жойида ҳозир бўлдилар.

– Судланувчига нисбатан озодликни чеклаш чораси тайинланди, – дейди судья Озодбек Неъматиллаев. – Фуқаро маълум вақт ички ишлар ходимлари назоратида бўлади ва рухсатсиз яшаш жойини ўзгартирмайди. Қолаверса, кечки 20:00 дан эрталабки 6:00 гача яшаш жойидан ташқарига чиқиши таъқиқланади.

Инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун! Бироқ, ана шу қадриятни бир лаҳза йўққа чиқаришдан осони йўқ. Судланувчи ҳам ўзига қўлланилган жазодан тўғри хулоса чиқарармикан? Бу энди унинг виждонига ҳавола.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?