Уй-иссиқхона харажати 8-10 йилда қопланади

11:02 20 Сентябр 2022 Жамият
510 0

Фото: Халқ сўзи

Кечаги турмуш бугунгисига ўхшамайди. Зеро, ҳаёт дарёдек тўлиб- тошиб оқмоқда. Бу дарё тўхтамайди. Ана шуни ҳисобга олган Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигидаги “Bukhara-Varnet” масъулияти чекланган жамияти иссиқхона хўжалиги соҳасида ҳайратомуз ишларни амалга оширмоқда. «Бухоро – агро» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхона янги, жозибадор лойиҳалари билан эътиборни тортаяпти. Айнан шу нарса Бухоро вилояти ҳокими Б. Зариповни ушбу корхона фаолияти билан яқиндан танишишга ундади.

Даставвал, “Bukhara-Varnet” ҳақида. Президентимизнинг 2018 йилнинг 10 июлидаги қарори билан «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси барпо этилган эди. Қарорга мувофиқ, иқтисодий зона учун ажратилган уч минг гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш назарда тутилган. Табиийки, бунда хорижий инвестиция жалб этиш мақсади ҳам бор. Шу ниятда сармоядорлар учун зарур шарт–шароитлар яратилган. “Bukhara-Varnet” шу иқтисодий зонада ташкил топган қалдирғоч корхоналардан. Бу ерда гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, улар хорижга экспорт қилинмоқда. Масалан, корхона томонидан 2021 йилда 1 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот чет эллик буюртмачиларга етказилди.

Иссиқхонанинг тажриба-синов участкалари, кўчатхона хўжалиги, лаборатория тизими, турдош корхоналар учун металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи ҳақида узоқ тўхталиш мумкин. Кўп тармоқли яхлит мажмуага айланаётган “Bukhara-Varnet” мижозларга яна бир фойдали таклифни ўртага ташлади. Бу ерда 13 сотихли бешта икки қаватли уй-иссиқхона намуналари қурилди. Шунинг 3 сотиғи уй, 10 сотихи эса иссиқхонадан иборат. Бу уй-иссиқхоналарда бир пайтнинг ўзида балиқ, банан ва цитрус мевалар етиштириш мумкин. Ҳовли қисмида эса мевали дарахт ва гуллар ўтқазилган. Уй-иссиқхоналар қуёш энергияси билан таъминланган, экин томчилатиб суғорилади. Корхона уй-иссиқхона эгасини кўчатлар ва минерал ўғитлар билан таъминлайди, агроном хизмати кўрсатади. Етиштирилган маҳсулотни буюртмачи сифатида корхонанинг ўзи сотиб олади. Корхона хонадонга ойига 4 миллион сўм миқдорида маош ҳам тўлаб боради.Уй-иссиқхона харажатлари эса 8-10 йил ичида қопланиши ҳисоб- китоб қилинган.

Эътиборлиси, яшаш учун қулай, уйдан чиқмай туриб ишлаш имкони яратилган шундай уй-иссиқхоналарни вилоятнинг барча туманларида барпо этиш кўзда тутилган. Бу эса кўплаб фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, рўзғорига қут-барака киритиш, бозорни янада тўкин этишга йўл очади. “Bukhara-Varnet” фаолияти билан атрофлича танишган вилоят ҳокими ана шуни таъкидлаган ҳолда ташаббус ҳар томонлама қўллаб – қувватланишини билдирди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер