Уддабурон пискентликлар

13:40 15 Май 2020 Жамият
353 0

Тошкент вилоятида деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳудуддаги бозорлар расталарини турли хил мева-сабзавотлар, кўкатлар билан муттасил таъминлашга асос бўлмоқда.

Жумладан, Пискент туман ҳокимининг 2020 йил 13 февралдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 3275 гектар томорқа майдонларининг 1509 гектарида эртаки сабзавот-полиз маҳсулотлари, картошка ҳамда дуккакли экинлардан режадаги ҳосил етиштирилди. Айни пайтда томорқаларнинг 1 319 гектарида ўртаки экинлар парваришланяпти.
 

Бу ҳудудда азалдан уддабурон деҳқонлар, ерга ва дарахтга меҳр қўйиб, олма, гилос, шафтоли, анжир, олхўри, узум сингари сархил ноз-неъматлар етиштирувчи боғбонлар сулоласи истиқомат қилиб келади. Томорқа ерлари бугунги пандемия шароитида ҳар бир оиланинг моддий манфаатдорлиги асоси эканлигини такрор исботланмоқда. Шу боис, хонадонларда бола-бақраси билан меҳнат қилиб, 5-10 сотих ердан бир йилда 2-3 маротаба ҳосил олаётган кишиларни истаганча топасиз. Деҳқончилик маданиятини яхшигина ўзлаштирган бу одамларнинг кўпчилиги асосий иш жойига эга бўлишса-да, томорқага меҳр қўйиб, эрта тонгдан тер тўкиб меҳнат қиладиган кишилар. Кечки пайт ишдан қайтгач эса, яна ҳовлидаги кетмону белкурак билан тиллашади.
 

Биргина “Бирлик“ маҳалласидаги 869 хонадоннинг 550 тасида шахсий томорқа хўжалиги ривожлантирилган. Анвар Обидовнинг асли касби шифокорлик. У олий тоифали врач-анестезиолог. Ҳовлисидаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади.

—Отам физика фани ўқитувчи бўлганлар, — дейди Анвар Обидов.—Лекин ҳеч қачон олий маълумотлиман, деҳқончиликни билмайман, деб, қўл қовуштириб турмаганлар. Аксинча, бизларга ҳам кетмон тутқазиб, ёшлигимиздан меҳнатга муҳаббат қўйишни, деҳқончилик сир-асрорини қунт билан ўрганиб, турмуш қийинчиликларига сабр-бардошли бўлишни ўргатганлар.

У отасининг ўгитларига амал қилиб кам бўлмади. Ҳовлининг 8 сотихига қурилган иссиқхонада булғор қалампири, помидор, гулкарам етиштириб йил давомида яхшигина даромад оляпти.
 

Маҳалланинг Навбаҳор кўчасидаги 38-уйда яшовчи Фазлиддин Аҳроров эса “Микрокредитбанк“ АТБнинг туман филиалидан 25 миллион сўм кредит олиб, томорқасидаги 14 сотих майдонга иссиқхона қурди. Баҳор бошланмасидан бозорга булғор қалампири чиқарди. Ҳар куни 1 миллион сўмлик маҳсулот сотди. Бугун 5,5 гектарда эса сабзавот экинлари пишиб етилди.
 

Маҳалладаги Йигитали Содиқов хонадонига кирсангиз кўзингиз қувонади. Ҳовлидаги 8 сотихли иссиқхонада ишкомга тортилган эртапишар “Наманган чиллаки“сига ҳавасингиз келади. Унинг остига эса дид билан экилган қулупнай бугун бозорнинг олди маҳсулоти. Лимон, мандарин кўчатлари ҳам шу ток остида парваришланмоқда.

Феруза Маҳкамова эса 8 сотихли томорқасида гулчилик билан шуғулланади. Чоғроққина иссиқхонада 20 хил гуллар чамандек очилиб ётибди. У турмуш ўртоғи Зокиржон билан ҳалол меҳнати орқасидан янги уй-жой кўтариб, “COBALT” ва “DAMAS” русумли автоуловлар харид қилишди. Бу хонадонга нафақат Пискентдан балки, Олмалиқ, Оҳангарон, Нурафшон ва Бўка туманларидан ҳам келувчи харидорларнинг қадами узилмайди.
 


Шу боис азалдан одамлар орасида пискентликларга нисбат беришганда: “Чапдаст ва уддабурон халқ”- деган ибора ишлатилади. Чунки, бугунгача номлари машҳур бўлган алп келбатли полвонларни тарбиялаган илк мураббийлари ҳам аслида ҳалол меҳнат қилиб ризқ топиш учун қўлига кетмону ўроқ, ток қайчию босқон тутқазган меҳрибон ота-оналаридир. Пискентликлардаги бу фазилат бугун ҳам анъана сифатида давом этмоқда.

Туманнинг “Новкент“, “Навоий“, “Бирлик“, “Ғайрат“ маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган деҳқонлар томорқасидан йилига 3-4 мартагача ҳосил олишга эришяпти.
 

Коронавирус сабабли жорий қилинган карантин шароитида аҳолини ижтимоий меҳнат билан муттасил таъминлаш ҳамда рўйхати шакллантирилган камбағал оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан фуқароларнинг томорқа майдонларида ерига ишлов бериш, ҳар бир хонадонни уруғлик ва кўчат билан таъминлаш, кичик ҳажмли иссиқхоналар қуриб бериш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ажратилган субсидиялар асосида айни вақтгача 30та хонадонга 1-1,5 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди. Ушбу лойиҳа яна 60 та хонадонда амалга оширилади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?