Учта мактаб таъмири манзилли рўйхатга киритиладиган бўлди

21:08 15 Февраль 2021 Жамият
441 0

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тезлигига мос равишда Олий Мажлис Сенати фаолиятида ҳам янгиланишлар яққол кўзга ташланмоқда. Буни сенаторларнинг жойларга чиқиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказаётгани ва жараёнда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга сенатор сўрови юборилаётгани мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Шу ўринда айтиш керакки, сенатор сўрови изчил йўлга қўйилаётган дастлабки пайтларда айрим мутасаддиларнинг сўровимизга эътиборсиз қараган ҳолатлари ҳам кузатилганди. Лекин бугун бари ўзгарди. Ҳозирга келиб у вазирлик бўладими ёки бошқа ташкилотми, сенатор сўровларига жавобгарлик ва масъулият билан қарайдиган бўлди. Энг муҳими, сўровда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилаётганидир.

Бунга жорий йилдаги фаолиятимиздан бир мисолни келтирмоқчимиз. Ёдингизда бўлса, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган бу галги Мурожаатномасида халқ таълими соҳасини ислоҳ қилиш, ёшларимизнинг таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шу асосда сенаторлар жойларга чиқиб, мавжуд вазиятни ўрганишяпти. Хусусан, ўтган ойда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани аҳолиси билан учрашувлар ўтказдик. Шу жараёнда туманнинг «Ўчоқли», «Янги турмуш» ва «Тараққиёт» маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси мурожаат қилиб, шу ҳудудлардаги мактабларни таъмирлашда амалий ёрдам сўрашган эди. Кўрсатилган манзиллардаги мактаблар зудлик билан ўрганилди. Чиндан ҳам бу таълим муассасалари бугунги талабга умуман жавоб бермаслиги аниқланди.

Ана шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига: «Сиздан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги «Ўчоқли» МФЙда жойлашган 38-мактабнинг эски биноси ўрнида янги 120 ўринли мактаб биносини қуриш, «Янги турмуш» МФЙдаги 50-мактабнинг бўш турган биноси ва «Тараққиёт» МФЙда жойлашган 20-мактабни капитал реконструкция қилиш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига киритиш чораларини кўришингизни ва натижалари ҳақида 15 кун муддатда маълумот тақдим этишингизни сўрайман» мазмунида сенатор сўрови юборилди.

Белгиланган муддатда халқ таълими вазирлигидан жавоб хати келди. Унда сенатор сўровида келтирилган мактаблардаги мавжуд ҳолат ўрганиб чиқилгани, бу таълим муассасалари ҳақиқатдан ҳам таъмирталаб аҳволда экани маълум қилинган. Жумладан, унда шундай дейилади: «Ҳақиқатдан, мазкур умумтаълим мактабларининг 1 тасида (50-сонли) дарс жараёнлари 2 навбатда (смена) ташкил этилган, қолган 2 тасининг (20 ва 38-сонли) мавжуд бинолари узоқ йиллардан бери мукаммал таъмирланмагани боис бугунги кундаги ҳолати талаб даражасида эмас».

Шунингдек, жавоб хатида бу умумтаълим мактабларини таъмирлаш 2022 йил Инвестиция дастури манзилли рўйхатига киритилиши вазирлик томонидан назоратга олиниши маълум қилинган.

Қолаверса, вазир бу каби ишлар учун кўп маблағ талаб этилишидан келиб чиқиб, бизнинг фаолиятимиз билан боғлиқ айрим таклифларни ҳам илгари сурган. Хусусан, Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини тасдиқлашда, шунингдек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида имкон қадар халқ таълими муассасалари учун кўпроқ маблағ йўналтирилишида ёрдам беришимизни сўраган. Табиийки, бу таклифни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, бугун ана шу муассасаларда Ватанимиз келажаги учун масъул бўлган ёш авлод таълим-тарбия олмоқда. Демак, мазкур йўналиш учун ҳар қанча маблағ ажратсак арзийди.

Кўриб турганингиздек, биргина сенаторлик сўрови орқасидан унда кўтарилган муаммо ҳал бўлаётганидан ташқари, янги таклиф ва ғоялар юзага чиқмоқда. Шундай экан, биз бундан кейин ҳам сенатор сўрови институти имкониятидан янада самарали фойдаланишга, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлашга астойдил ҳаракат қиламиз.

Қутбиддин Бурҳонов,
Олий Мажлис Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?