Учкўприклик онахон Ҳаж учун йиққан пулига маҳалласига сув чиқартириб берди

Учкўприк туманилик 81 ёшли Зебунисо она Аҳмедова ҳаж зиёрати учун йиллар давомида жамғарган 50 миллион сўмдан ортиқ маблағига ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви чиқартириб берди. Ўн бир нафар фарзандни вояга етказган онахондан бугун маҳалла аҳли жуда хурсанд.
— Динимиз арконларига кўра, ҳаж зиёратига борган одамнинг оиласида эҳтиёжи ва қарзи йўқ, тўқ ва тўкин бўлиши керак экан, — дейди Зебунисо ая. — Маҳаллам ҳам менинг оилам. Улар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида уч чақирим наридан сув ташиб келишаётганда, мен қандай қилиб бемалол ҳаж зиёратига бораман. Ёш келинларимизнинг қийналаётганлигини кўрсам юрагим эзилиб кетади. Тўғриси, буни ўзимга қабул қила олмадим.
Янгиобод маҳалласида авваллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган сув тармоқлари мавжуд. Бироқ ер ости қувурларининг яроқсиз аҳволга келиб қолиши натижасида сув босими жуда пасайиб кетди. Зебунисо ая Аҳмедованинг ташаббуси билан янги қудуқ кавланиб, маҳалладошлари хонадонларига зилол сув кириб борди. Шу билан бирга, ҳудуддаги 49-умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника ва 6-мактабгача таълим муассасаси ҳам барқарор сув таъминоти билан таъминланди.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тадқиқот хулосаси: Коронавируснинг давомли асоратлари эмланганларда кам кузатилади
- Тўпаланг ГEС иншоотида техник носозлик тўлиқ бартараф этилган. Вазият барқарор — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ
- Конституциявий қонун лойиҳаси 25 июнь кунидан «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида умумхалқ муҳокамасига қўйилади
- «Китоб уйчалари», «Ёш китобхон клуби»... Artel компанияси китобхонликни кенг тарғиб қилмоқда
- Хиллари Клинтон 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини маълум қилди
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг