Учинчи Ренессанс пойдевори инсонпарварлик ва илм-маърифат асосига тикланмоқда

01:08 03 Июль 2021 Жамият
1061 0

Бугунги кунда кўп миллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, ­Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини ­маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан ­орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз — асосий таянчимиз ва суянчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан 

Кўҳна мозий гувоҳки, дунёни доимо ғоялар бошқарган. Ғоялар эса мудом билим, тафаккур ва ақл кучига суянган. Бугунги ривожланиш шиддати тез, илм уфқлари кенгайиб бораётган замонда, қолаверса, ахборот воситалари тараққий этган даврда ғоялар учун кураш ҳам бирмунча мураккабликлар ҳамда ўткир фасоҳатни талаб қилиши тайин.

Аммо инсоният ўз табиатига кўра, барибир бир эзгу ғояга муҳтожлик сезиб яшайди. Шу маънода, бугун янги Ўзбекистон тарихи зарварақларига битилаётган бир жумла — «Учинчи Ренессанс» тагматнида ана шундай улуғ бир эзгуликни, буюк бир кучни англаш мумкин.

Зеро, ренессанс — уйғониш демакдир. Яъни илмий уйғониш, маърифатни англаш ва шу аснода асрларга тенг йилларни лаҳзаларда босиб ўтмоқ демакдир. Бу жараённи бошлаб бериш, унинг пойдеворини қўйиш эса камдан-кам инсонларга насиб этган. Бунинг учун, аввало, Аллоҳ берган иноят, сўнгра миллатни севиш, самимий инсонпарварлик туйғуси мужассам бўлмоғи даркор инсонда.

Бугун биз ана шундай қутлуғ бир даврда, дунёга янги Ўзбекистон номи билан танилаётган муқаддас заминда учинчи Ренессансга пойдевор қўйиладиган замонда яшамоқдамиз.

Барча эзгу амал ниятга боғлиқ

Жалолиддин Румийнинг бир ҳикмати доимо илҳомбахшдир: «Гўзал кунлар келишини кутма, унга қараб бормоғингни унутма». Ўзбекистондаги янги Уйғониш маърифати ҳам айни шу тамо­йилга асосланганини, эзгу ниятлар амалга ошаётганини англаш эса янада шижоат бахш этади.

Тараққиёт илмга асосланади. ­Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатидаги дастлабки учрашувларидан бири илм аҳли, олимлар билан бўлгани ҳам бежиз эмас эди.

Ўшанда давлатимиз раҳбарининг айтган сўзлари ҳамон қулоғимда жаранглаб турибди: «Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб». Бу — қадр, бу — илмга эътиборнинг ёрқин намунаси эди.

Шулар ҳақида сўз юритганда, ёдимизга яқин ўтган кунлар тушади. Буни ўтган даврга тош отишга йўйманг, аммо тарихни парда билан тўсиб бўлмас. Истиқлолга эришилгандан кейин­ илк йиллари илм ва илм аҳли «унутилгани» ҳаммамизнинг ёдимизда. Гарчи, ўша кезларда матбуотда бу ҳақда бонг урилган, ёзувчилар асарларида «Ипподром»да сигарет сотаётган олим образи пайдо бўлган эса-да, негадир жамият буни «ўтиш даври ҳосилалари» деб билди.

Аммо «бозор иқтисодиёти»га ўтишнинг жабрини ҳамон тортмоқдамиз ва унинг асоратлари ҳали яна қанча давом этишини билмаймиз. Энг ёмони, бир авлод онгига «Ўқиб нима бўлардинг?!» деган мафкура сингиб қолди. Айнан шуниси даҳшатли ақида. Зотан, илмга рағбатнинг йўқолиши жамиятда янги бир қатламнинг — диплом учун ўқийдиганларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Албатта, бу қисқа бир фурсатнинг берган «мева»лари эди.

Гап ўзани шунга бормоқдаки, илм қадрланмаган замонда тараққиёт ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Бу, қанчалик баландпарвоз сўзлару, жимжимадор оҳангда гапирмайлик, амал бўлмаса, ҳаммаси бефойда деганидир.

Мана оддий мисол, минтақамиз ҳудудида бўлган икки Ренессанс даврида ҳам илм ниҳоятда қадрланган эди. IХ — ХII асрларда минтақамизда юз берган биринчи Шарқ Уйғониш даврида юзлаб буюк алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг ақлу закоси умумбашарият тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган. Бу эса ўз навбатида, илм­га эътиборнинг самараси эди. Ўша давр ҳукмрон ҳокимияти бунга шароит яратиб берганди.

ХIV — ХVI асрлардаги иккинчи Шарқ Уйғониши ёхуд тарихда ­«Темурийлар Ренессанси» дея ном олган даврда илм­нинг қанчалик қадрланганини, биргина мисолда, «Темур тузуклари»даги ушбу жумлаларни келтириш орқали исботлаш мумкин. Унда шундай ёзилган: «Кимнинг ақл-шижоатини синов тарозисида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқлигини билсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим».

Аслида ҳам билимли инсон илм­нинг қадрини, олимнинг қадрини яхши билади. Агар давлат раҳбарининг кейинги йилларда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, Фармон ва қарорлари, илгари сураётган эзгу ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак, Ўзбекистонда янги Маърифат Ренессансига мустаҳкам тамал тоши қўйилаётганини англайсиз.

Айниқса, илм аҳлига қарати­лаётган эътибор ва рағбатнинг босқичма-­босқич ошириб борилаётгани пой­деворнинг янада пишиқ бўлишига ­ишорадир.

Жозибадор ғоя атрофида

Ғоялар ҳақида сўз кетар экан, уларнинг қанчалик яшаши жозибасига боғлиқлигини таъкидламоқ даркор. Шу маънода, бугун мамлакат эртасини, миллат истиқболини илму маърифатда деб билган учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда жозибали ва энг тўғри йўлдир.

Албатта, ўз бошидан ўнлаб истилоларни ўтказган, ситамлар остида узоқ йиллар яшашга маҳкум бўлган, сохта ва баландпарвоз ғояларнинг «қули»га айлантирилган халқимиз ҳар доим ўз келажагини айни шу маърифатда деб билган. Шу сабаб ҳам бугунги кунгача «болам ўқисин» деган истак халқнинг ўю фикрини банд қилгани, ушбу орзу-умид йўлида жонини жабборга беришга тайёрлиги айни ҳақиқат.

Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиё­сати ана шу истакнинг рўёбга чиқишига тўлиқ асосларни яратмоқда. Буни биргина мисолда, олий таълимга қамровнинг бос­қичма-босқич ошириб борилаётганида ҳам кўриш мумкин. Муқояса учун баъзи мисолларни келтирсак:­ кейинги уч йилда олий ­таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари 66 минг­тадан 181 мингтага ошди. Демак, ҳар йили юз мингдан зиёд ёшлар энг ёруғ орзуси — ўқиш истагига эришишига ­замин яратилмоқда.

Назаримда, бу сиёсатнинг замирида юрт ўғил-қизларининг барчасини илмли қилиш, уларнинг дунё билан бўйлашиши учун мустаҳкам пойдевор қўйиш истаги ёнаётгандек. Аслида ҳам бу халқ шунга муносибдир. Чунки унинг ўтмиши, дунёни ўзгартирган ақлу заковати, ўзининг илм зиёси дунё шарининг нариги тарафини ҳам ёритган улуғ аждодлари бор.

Шавкат Мирзиёевнинг илму маърифатга бағишланган ҳар бир йиғилишини кузатар эканмиз, айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишини кўрамиз. Бу ўзликка, миллат ва Ватаннинг шонли тарихига ҳурмат, эртасига ишонч туйғусининг мустаҳкамлигидир.

Давлат раҳбарининг таълим соҳасидаги ислоҳотларида яна бир муҳим жиҳат борки, бу — биқиқликдан чиқиш, дунё илмини ўрганиб, оламга назар ташлаш истагидир. Бу ўзликни англашдан сўнг, ўзгалар дунёси билан ўзни солиштириш дейилади. Узоқни ўйлаб қилинаётган бу ишларга Юртбошимиз томонидан чет тилларни ўрганиш борасида қабул қилинган қарорни мисол сифатида келтириш мумкин. Боиси қачонлардир дунё биздан ўрганган бўлса, бугун биз дунёдан ўрганадиган жиҳатлар бисёр.

Бинобарин, тил билиш — фақатгина дунёни билиш дегани эмас. Тил билиш бошқа фанларга йўл очади, дунёга назар солиш имкони кенгаяди, деганидир. Шу нуқтаи назардан, давлат ­раҳбарининг бу йўлдаги ташаббусларида учинчи Ренессанс пойдеворининг янги ва мустаҳкам асосларини кўрамиз, десак, ­муболаға бўлмас.

Тарихдан маълумки, аждодларимиз яратган ҳар икки Уйғониш даврида дунё илми бизга жуда катта туртки бўлган. Жаҳон тараққиётининг юксалиш тамо­йилларини белгилаб берган биринчи Ренессанс даврида Хоразм­да барпо этилган Маъмун ака­демияси ўз бағрига даҳо мутафаккирларни тўплаб, дунёнинг энг илғор илмларини ўзлаштиргани, шу аснода, билимдан унган билимлар нафақат ўз минтақаси, балки бутун аҳли жаҳон учун намуна вазифасини ўтагани ҳам айни ҳақиқатдир.

Темурийлар яратган илм мактаблари ҳам айни шу йўлдан борди. Бу даврда ҳам илм ўрганишни истовчилар бутун ­дунёдан оқиб кела бошлади.

Бугун дунёга янги Ўзбекистон номи билан балқиётган учинчи Ренессанс ғоясининг жозибаси шундаки, у ўз атрофига давлатни ҳам, жамиятни ҳам, бутун ­халқни ҳам бирлаштира олади. Бу ғоянинг миллий ғоя ўлароқ кенг қулоч ёзиши эса, назаримизда, барчамизнинг унинг мазмунини чуқурроқ англашимизга, теранроқ мушоҳада юритишимизга боғлиқ.

Шу аснода давлатимиз раҳбарининг «Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқа­си, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Мен ишонаман — ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мус­таҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар», деган даъватини қалб амрига айлантиролсак, ўйлайманки, ҳаётбахш ғоянинг чексиз қудратини ўз ҳаётимизда ёрқин кўра бошлаймиз.

Тараққиёт формуласи

Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт фалсафаси ва йўли бўлганидек, ҳар бир давлатнинг ўз тараққиёт стратегияси бўлади. Буни белгилашда эса фақат миллат етакчиларининг салоҳияти муҳим аҳа­мият касб этади.

Мана, масалан, Сингапурни олайлик. Таъбир жоиз бўлса, «йўқдан бор бўлган» ушбу давлатни бугун дунёнинг барча жойи­да билишади, ҳавас қилишади. Ҳолбуки, ярим аср муқаддам бу ҳудуд мустақиллик эълон қилганида ­Малайзия федерацияси унга қаршилик ҳам кўрсатмаган эди. Ҳатто битта бошоғриқдан қутулганига хурсанд ҳам бўлган дейишади. Бугун эса бу ердаги ярқираб турган шишаванд улкан биноларни кўриб, ярим аср олдин фақат қуруқ жой бўлганига ишонмайсиз. Сингапур бугун нафақат иқтисодиёти билан, балки мўъжизага бой масканлари билан дунё сайёҳлари харитасининг энг ёрқин нуқтасига айланди.

Бу улкан эврилишлар бир инсон — ҳақиқий маънода етакчи Ли Куан Ю номи билан боғлиқ. У давлат ҳамда фуқаро ўртасида узвийликни таъминлаш ғоясини амалга ошира олди ва дунё иқтисодиётига «Сингапур мўъжизаси» деган атамани олиб кирди.

Ёки айтайлик, Хитой иқтисо­диётида ўзига хос инқилоб ясаган Дэн Сяопин ислоҳотлари эса бугун ушбу давлатни жаҳоннинг етакчилари қатори олиб чиқди. Майда устахоналар — кичик бизнесни рағбатлантиришдан бошланган ислоҳотлар йирик компаниялар, корпорациялар даражасигача кўтарилиб, жаҳон бозорини забт этди. Бугун дунёнинг ҳар бир минтақасида — дастурхондаги таомдан тортиб, маиший техникагача Хитой маҳсулотларини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларда жаҳон афкор оммаси дунё сиёсатида янги бир тўлқинни кўраётганини эътироф этишмоқда. Бу тўлқинни ҳаракатга келтираётган куч эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган мамлакатнинг янги тараққиёт йўлидир.

Бу — биқиқ иқтисодиётдан шаффофликка ўтган, дунёга кенг қулоч очган, ҳар бир қадамида одамлар манфаатини устувор қўйган ўзига хос тараққиёт йўлидир. Таъбир жоиз бўлса, уни бешта «И» — интеграция, инновация, инсон капитали, ишонч ва иқтисодий ўсишга асосланган тараққиёт формуласи, деб аташ мумкин.

Бугунги кунда ушбу тамойилларни бир нуқтада бирлаштирган янгиланишларга ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларида гувоҳ бўляпмиз. Масалан, кластерлар фаолияти бунга яққол мисолдир. ­Шавкат Мирзиёев­ ташаббуси билан миллий иқтисодиётимизга татбиқ этилаётган кластерлар фаолиятининг самаралари хусусида узоқ ёзиш мумкин. Аммо ҳозир унинг биргина жиҳати, айнан илм аҳлига берган афзаллигини айтиб ўтмоқчимиз. Бу миллат болалари ва уларнинг устозлари ­пахта далаларидан қайтариб олинишида муҳим роль ўйнади.

Ахир, кечаги кунгача эмасмиди, ўқитувчию ўқувчилар, олимлару талабалар, ҳатто ихтирочилар ҳам йилнинг чорак қисмини пахта далаларида ўтказгани?! Бу вақт илм­га сарф этилганида қанчадан-қанча кашфиётлар бўлиши мумкин эди-ку?! Уларнинг вақти билан бирга ерга сочилган қадри-чи?! Энди бу саволлар фақат дилни эзади, холос. Афсуски, вақтни орқага қайтариб бўлмайди...

Аммо дилга таскин, эртанги кунга ишонч берадиган туйғу бор. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаётбахш ғоялари ўлароқ юзага келган тараққиёт формуласининг биринчи ҳаётбахш ечими — кластерлар фаолияти илм аҳлини эгатлардан олиб чиқди, қадрини тиклади, миллатнинг эртаси бўлган болаларнинг қаддини кўтарди.

Бу, учинчи Ренессанс пойдевори ­мустаҳкамланаётганига яна бир далил аслида.

Замонавий дунёга юзланиш

Баъзан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда, одамлар даврасида «интернет дунёни бузяпти», «ёшлар китоб ўқимай, интернетга шўнғиб кетмоқда» каби ёзғиришларни кузатамиз. Бу бир жиҳатдан тўғри. Аммо вақт шиддати ва технологиялар ривожланиши билан ҳисоблашиш тамаддуннинг ­асосий мезони бўлиб келган. Бугун жамиятимизда фақат бир нарса — йўналтириш тамойили етиш­маяпти, холос.

Бугун илм эгаллашнинг услублари ўзгарган. Ҳозир анъанавий таълимдагидек, аудиторияларда узундан-узоқ маърузаларни эснаб тинглаш эмас, шиддаткор технологияларда ўзлаштириш мумкин.

Педагогик фаолиятимдан биламанки, бугунги илм дастурлари эскириб бормоқда. Истиқлолимизга ўттиз йил тўлаётган бўлсада, ҳамон дарсликларимиз мазмун-мундарижаси ўзгармади. Ҳолбуки, шу давр ичида, ҳатто аниқ фанлар соҳасида ҳам оламшумул ўзгаришлар бўлиб кетди.

Шу нуқтаи назардан, Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг илму фан соҳасига бағишланган ҳар бир йиғилишида, одамлар билан мулоқоти жараёнида сезаманки, соҳа тамомила ислоҳотга муҳтож. Хусусан, ­дарсликлар масаласида ҳам.

Ҳа, замонавий таълим бугунги куннинг асосий вазифаларидан бирига айланиши керак. Ўқитиш услубларини ўзгартириш, керак бўлса, янгилаш лозим. Бизнинг анъанавий услубимиз, асосан, назарий билимга асосланиб қолгандек. Назаримда, уни ижодий изланишлар билан уйғунлаштириш фурсати етмоқда. Боиси биз учинчи Ренессанс саҳифаларини патқаламу довотларда эмас, билъакс, компьютерларда, IT ва DT-технологияларида ёзишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари айни шу жиҳатни эътиборга олиб, инновацион технологияларни ривож­лантириш борасида қатор ҳужжатларни имзолаётгани, дастурларни тасдиқлаётгани замирида ана шундай ҳаётбахш қарашлар мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Албатта, буни тарихни унутиш, уни бир чеккага ташлаб қўйиш, деб тушунмаслик керак. Зотан, аждодлар қолдирган бебаҳо меросда ҳали ўрганишимиз лозим бўлган, биз ҳали очиб кўрмаган саҳифалар бисёрдир.

Айни вақтда Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган но­дир қўлёзмалардан етарли даражада фойдалана олмаёт­ганимизни таассуф билан ёдга олиш мумкин. Қарангки, бу масала ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборида экан:

«Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур».

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураб­бийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўз­лаган нут­қида ана шундай даъват бор эди.

Бугун янги Ўзбекистон тарихига ёзилаётган зарҳал ҳарфлар хорижлик олимлар нигоҳидан ҳам четда эмас. Яқинда АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшайдиган олим, биология фанлари доктори, профессор, академик ­Эфроим Гурман билан айни шу мавзуда суҳбатлашиб қолдик.

Олим шундай деди: «Президент Шавкат ­Мирзиёев дунё давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб «Халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак», ­деган улуғ мақсад, эзгу вазифани илгари сурди ва бунинг ечимини ҳам топиб берди. Айниқса, унинг учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда ажойибдир. Сабаби, бугунги илму фанга асосланган, дунёни фақатгина илм ­билан бошқариш мумкин бўлган замонда шундай ғояларгина ­қудратли куч касб эта олади».

Бугун глобаллашаётган замонда макон тушунчаси торайиб бормоқда. Дунёнинг нариги бурчагида ахборотни лаҳза ўтмай бу нуқтасида кўриш мумкин. Аммо шуниси муҳимки, Ватан ва унинг истиқболи ҳақида қарашлар ҳеч қачон торайган эмас.

Президентимизнинг мамлакатимиз келажагини таълим ва илму фанда кўраётгани, учинчи Ре­нессанс ғояси миллий ғоя даражасига кўтарилгани, замонавий дунёга юзланиш ҳамда дунё билан тенглашмоқ истагида ана шу Ватан ва миллат туйғусининг яна бир жилваланишини кўриш мумкин.

Бу туйғу халқимизнинг қонида жўш уриб турган маърифатга ташналик ва ўша олис ўтмишдаги буюк Уйғониш насимларининг соғинчи билан муштаракдир. Шундай экан, дунё саҳнига яна янги тамаддун билан бўйламоққа бу халқ минг бора ҳақлидир.

Учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилувчи бугунги буюк ғояларда ана шундай улуғ мақсадлар мужассамдир.

Бакриддин ЗАРИПОВ,

Самарқанд давлат университети профессори,
академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?