Уч автомобилга 350га яқин даъвогар — мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан «Қўқон олимпиадаси» республика босқичи бошланди

09:25 13 Март 2021 Жамият
2368 0

Жорий йилнинг 13-14 март кунлари «Билим инсонни улуғлайди» шиори остида Қўқон университети ташаббуси билан «Қоракўл зиё» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида математика фанидан «Қўқон олимпиадаси»нинг Республика босқичи ташкил этилмоқда.

Қайд этиш жоизки, бу хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилаётган илк ана шундай нуфузли олимпиада ҳисобланади.

Билимлар беллашуви Президентимиз томонидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада акс этган: аниқ фанларни ривожлантириш, ёшларнинг билимга, илмга ва инноваторлик ғояларини яратишга бўлган қизиқишларини янада ошириш борасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбиядан бошланади», деган чақириқларига жавобан ўтказилмоқда.

Ёш математикларнинг ушбу беллашувида республикамизнинг барча умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда хусусий мактабларнинг 5-6-7-синф, 8-9-синф ва 10-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-курс ўқувчилари катта қизиқиш билан фаол иштирок этди. Умумий ҳисобда республиканинг 14 та ҳудудидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда хусусий мактаблар ўқувчиларидан жами 350 нафарга яқин номзод республика босқичида иштирок этмоқда.

Республика босқичига қадар туман-шаҳар босқичларида 60 минг нафарга яқин ва ҳудудий (вилоят) босқичида 6100 нафар ўқувчи ўз билимларини синаб кўрди.

Тест натижаларига мувофиқ, ҳар бир ҳудуддан (14 та маъмурий ҳудуд) учта гуруҳ бўйича энг юқори 5 ўриндан жой олган 15 нафардан, жами 220 нафар ўқувчи-номзод, шунингдек, академик лицей ўқувчиларидан 61 нафар, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблардан 53 нафар ўқувчилар олимпиаданинг финал босқичида иштирок этмоқда.

Тафсилотлар билан таништириб борамиз.

Фазлиддин Абилов, 

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер