Туркманистоннинг Лебап вилояти делегацияси Бухорога келди

02:51 23 Сентябр 2021 Жамият
562 0

Фото: "Халқ сўзи"

Туркманистон Республикасининг Лебап вилояти делегацияси Бухорога ташриф буюрди. Делегацияни Олот чегара божхона постида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олдилар.

Меҳмонлар дастлаб Қоракўл тумани маданият маркази, Қоракўл халқаро математика мактаби фаолияти билан яқиндан танишди, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди. 

— Билим даргоҳимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги «Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилди, — дейди маскан директори, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Темир Рўзиев. — Истиқлолнинг қутлуғ 30 йиллиги эса биз учун қўшалоқ байрамга айланди. Замонавий таълимнинг барча талабларига жавоб берадиган кўркам ўқув биноси қуриб берилди. Янги бино синф хоналаридан ташқари, 320 ўринли ётоқхона, кутубхона, музей, фаоллар зали ва 50 ўринли меҳмонхонани ўз ичига олган бутун бошли мажмуадан иборат. Бу ерда нафақат ўзбекистонлик, балки хорижий давлатлар ёшларининг ҳам жаҳон андазалари даражасида таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Дарвоқе, айни дамда Бухородаги олий таълим муассасаларида 500 нафардан зиёд туркманистонлик талабалар таҳсил олишяпти. Яқинда уларнинг бир гуруҳига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони топширилди.

— Қадимдан «илм — маърифат бешиги» дея таърифланган Бухородек азим шаҳарда таҳсил олаётганимиздан бениҳоя хурсандмиз, — дейди шундай ёшлардан бири Маҳим Нешаева. — Лебап вилояти делегациясининг ташрифини эшитиб бениҳоя хурсанд бўлдик. Бундан тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

Делегация аъзолари «Мергантекс» пахта – тўқимачилик кластерига қарашли далаларда ҳам бўлиб, томчилатиб суғориш технологияси афзалликлари  тўғрисида маълумотга эга бўлдилар. Бухоро шаҳридаги “Bukhara Cotton Textile” корхонаси билан танишувдан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд қадамжоси зиёрат қилинди. Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармасида фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳам меҳмонлар қизиқишига сабаб бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?