Туркиялик тадбиркорлар Фарғонада Экошаҳар қурилишида иштирок этади

09:58 26 Сентябр 2022 Жамият
255 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, айни кунларда Фарғона вилояти маркази – Фарғона шаҳрига ёндош ҳудудда 300 гектар майдонда 40 минг аҳоли истиқомат қилишига мўлжалланган Экошаҳар бунёд этилмоқда.

Лойиҳага кўра, ҳудудда меъморий ечимга эга кўп қаватли уйлар, «Янги Ўзбекистон» боғи, таълим ва тиббиёт муассасалари, кичик саноат зонаси ташкил этиляпти. Ҳозирда ушбу ҳудудда канал қазилиб, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этиш ҳамда кўп қаватли уйлар қурилиши жадаллик билан олиб борилаётир.

Қувонарлиси, Экошаҳар қурилишида мамлакатимиз тадбиркорлари қатори хорижлик инвесторлар ҳам фаол иштирок этишни режалаштирмоқда. Шу кунларда Фарғонага ташриф буюрган Туркиянинг Vatanım İnşaat компанияси раҳбари Аҳмет Тунжай Сариаслан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан шу хусусда суҳбатлашди. Учрашувда Vatanım İnşaat компанияси томонидан Экошаҳар ҳудудида Туркия архитектураси бўйича ишланган кўп қаватли турар-жойлар лойиҳаларини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Самимий мулоқотда Туркияда ҳам мана шундай лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган Аҳмет Тунжай Сариаслан ва унинг компанияси Экошаҳарда 2 та 25 қаватли бино қуришни режалаштираётганини, лойиҳа билан жойида танишгач, ҳамкорлик чора-тадбирлари белгиланишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоизки, Vatanım İnşaat Экошаҳар қурилишида иштирок этадиган навбатдаги турк ширкатидир. Шу йил апрель ойида Туркиянинг “BTC Yapı A.Ş” компанияcи Фарғонада ўз филиалини очган бўлиб, ҳозирда 18-25 қаватли бинолар қурилиши лойиҳасини амалга оширишга киришган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги энг баланд бино бўлиши кутилаётган Nest One лойиҳасини ҳаммуассисликда амалга ошираётган Özgüven Mimarlık ve İnşaat компанияси ҳам Экошаҳар лойиҳасида иштирок этиши бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер