Туркиядаги қадимий ёдгорликларнинг сири нимада?

12:11 30 Ноябрь 2020 Дунё
388 0

Саид РАҲМОНОВ, «Халқ сўзи» махсус мухбири
Туркиянинг Анталия шаҳридан хабар қилади

Туркия қурилиш индустриясининг ёзилмаган қоидалари кўп. Масалан, улардан бирига кўра, аҳоли яшаш пунктлари бунёд этилишидан олдин, албатта, жоме масжиди қурилиши керак экан. Агар бу юртда масжид миноралари тикланаётганига кўзингиз тушса, билингки, яқин орада унинг атрофида янги уй-жойлар мавзеси пайдо бўлади.

 Олти(н) устунли масжид

Туркиянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Истанбулнинг деярли ҳар қадамида масжид бор. Маълумотларга қараганда, айни патда уларнинг сони 3 мингтадан ошиб кетган. Ушбу муқаддас масканлар орасида бир неча асрларни қаритган қадимийлари ҳам кўпки, бу сайёҳларни оҳанрабодек ўзига жалб этиб келмоқда. Маҳаллий ва хорижий туристлар талпинадиган Султон Аҳмад масжиди ана шулардан биридир.

Мовий масжид номи билан ҳам машҳур бўлган ушбу масканни Cултон Аҳмад олтин устунли қилиб қуришга аҳд қилади. Аммо бунга давлат ғазнаси етмагач, олтин минорали эмас, балки олти(н) минорали қилиб бунёд этади. Кези келганда, айтиш жоизки, бунга қадар масжидлар тўрт минорали қилиб тикланган. Буни қарангки, ўша давр меъморчилигида янгилик бўлган ушбу масжид бир пайтда олти минг кишини ўз бағрига сиғдира олади.

Биз, ўзбекистонлик журналистлар Туркияга сафаримиз чоғида ушбу масжидни зиёрат қилиш имкониятига эга бўлдик. Ҳозирги пайтда бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, намозхонлар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

Ҳавас ва ҳайрат оғушидаги антик шаҳар

Туркия бўйлаб саёҳатимизнинг навбатдаги куни туризм марказларидан бири бўлган Анталияга шаҳрига бўлди. Ўрта Ер денгиз соҳилида жойлашган бу кентда ҳавас ва ҳайратлар оғушида қолганимиз рост. Унинг биринчиси — қиш фаслидан бирданига ёзнинг пишиқлик мавсумига тушиб қолганимиз бўлди.

Ҳа, айни пайтда бу ерда айни пишиқчилик. Қишлоқ хўжалиги ҳудуд иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Хусусан, бутун мамлакат помидор билан таъминланиши баробарида, экспортнинг 80 фоизини ушбу маҳсулот ташкил этади. Улар, асосан, иссиқхона шароитида етиштирилади. Бундан ташқари, апельсин, мандарин, лимон, зайтун, ҳатто, пахта ҳам етиштирилар экан. Шу кунларда анорзорлар, апельсин боғларидан ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари авжида.

Биз Анталиядан 35 километрлик масофада жойлашган антик шаҳар Аспендосга боргунимизча йўл-йўлакай фермерлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик.

Маълумотларга қараганда, дунёда энг яхши сақланган антик шаҳарлардан бири Аспендосдир. У милоддан аввалги бешинчи асрда бунёд этилган бўлиб, бу ҳақда турли афсона ва ривоятлар тильдан-тилга кўчиб юради.

Эмишки, шоҳ Аспендоснинг соҳибжамол қизи бўлиб, унинг ошиқлари жуда кўп бўлган. Ота эса қизига муносиб қаллиқ танлашда қийналиб бир шарт қўяди: «Кимки, шаҳримиз аҳолиси фойдали ва гўзал иншоот қурса, қизимни ўша йигитга узатаман». Буни эшитган йигитлар ўз бунёдкорлик маҳоратини ишга солади. Улар орасидан эгизакларнинг омади чопади. Сабаби, шоҳга улардан бири бунёд этган сувўтказгич маъқул тушади. Аммо эгизакларнинг иккинчи қурган амфитеатрни кўргач, ўз фикридан қайтади ва архитекторга қизини узатади.

Маҳаллий аҳолининг фикрича, шоҳ адашмаган. Чунки тошдан бунёд қилинган Рим амфитеатри ўз ҳолида сақланиб қолган.

Мана, ўша қадимий театр. Боқиб кўзингиз тўймайди. Унинг ичига кирар экансиз, ҳайратингиз ошади, инсониятнинг бунёдкорлик қобилиятига тасаннолар айтасиз...

Театрда томошабинлар учун 39 қатор жой мавжуд бўлиб, уларнинг орасида ярим метрни ташкил этади. Умумий узунлиги эса салкам 100 метр. Театр ўз 20 минг нафаргача томошабинни сиғдирган. У шундайин маҳорат билан ишланганки, саҳна тушган танганинг овози сўнгги қаторда ўтирган одамга ҳам аниқ-тиниқ эшитилади. Шу боис бу ерда 2008 йилгача турли концерт ва шоулар ўтказилган бўлиб, бу жараёнда микрофон ва овоз кучайтиргичлардан умуман фойдаланилмаган.

Анталия ўз бағридан яна бир антик шаҳар — Пергенинг сир-синоатларини яшириб ётибди. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар ҳақида кейинги материалларимизда ҳикоя қиламиз.

Туркия бўйлаб саёҳатимиз давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?