Туркиядаги «Ўзбеклар қўналғаси» ҳақида эшитганмисиз? (Фоторепортаж)

16:50 01 Апрель 2021 Жамият
865 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шу кунларда Туркия мамлакатида пандемияни жиловлаш учун карантин чоралари бироз кучайтирилди. Барча давлат ва жамоат ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, савдо масканларида аҳоли қаттиқ текширувдан ўтмоқда. Савдо уйлари кечки пайт соат 20:00 дан сўнг ёпилади. Барча юзига ниқоб тақиб юриши шарт. Сиз ким бўлишингиз қатъий назар қўлингизда аҳволингизни тасдиқловчи HES code код бўлиши керак. Шундагина сиз Туркияда бемалол ҳаракатлана оласиз.

Биз бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Туркия мамлакатининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўлими «Хавфсиз туризм» лойиҳаси асосида сафаримизни давом эттирмоқдамиз.

Сафаримизнинг иккинчи куни ҳам таассуротларга бой бўлди. Лойиҳа ташаббускорлари бизни Туркиянинг қадимий, насроний ва ислом дини уйғунлашган мажмуасига — Аё София масжидига олиб борди.

Манбаларда келтирилишича, Аё Софияга насронийлар императори Юстиниан томонидан асос солинган бўлиб, у 537 йил 27 декабрда очилган. Ибодатхона насронийлар дунёсидаги энг йирик черковларнинг бири ҳисобланарди. Усмонлилар империяси томонидан Константинополь эгалланиши ва Византия империясининг қулашидан кейин, 1453 черков масжидга айлантирилди, бироқ 1934 йилда ҳозирги Туркиянинг асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг декретига биноан бино музейга айлантирилиб, ЮНEСКОнинг бутун жаҳон мероси рўйхатига киритилган эди.

Ўтган 2020 йил 10 июлда Туркия ҳукумати томонидан Aё София масжидга айлантирилди. Гарчи икки дин — насроний ва ислом динининг бир нуқтада бирлашмаси бўлган бу меъморий ва тарихий мажмуа эндиликда асосан ислом дини учун хизмат қилаётган бўлсада сайёҳлар оқимини камайтира олмади. Балки барча дин вакиллари инсон қўли билан яратилган, буюк мўъжизавий мажмуани кўриш учун ҳар лаҳза ошиқиб келмоқда.

Яна бир Истанбулда машҳур бўлган Султон Аҳмад масжиди ҳам жойлашган. «Султон Аҳмад» масжиди, баъзи манбаларда «Ҳаворанг масжид» деб ҳам юритилади. Масжид Султон Аҳмад I томонидан 1609-1616 йиллар оралиғида бунёд этилган.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 10 минг киши намоз ўқиши мумкин. Гумбазининг баландлиги 43 метр, айланаси 23,5 метр. Олтита минораси мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 64 метрдан иборат.
Ўзбекларни турклар билан боғлайдиган жиҳатлар кўп. Бу тарихий бирлик билан бирга авлодлар ўртасида доимий ўрнатилган муносабатда ҳам кўриш мумкин. Ускудардаги «Ўзбеклар теккеси», яъни «Ўзбеклар қўналғаси» бунинг яққол мисоли.

Қадимдан ота-боболаримиз Истанбул орқали Ҳажга боришни бошлаганлар. Йўлларда қўналғаларда тўхтаб кўзланган манзил сари одимлаган. Манбаларда келтирилишича, 1752-53 йилларда Ускударда ўзбек зиёратчилари учун махсус «Ўзбеклар теккеси» — «Ўзбеклар қўналғаси» қурилган. Айни пайтда ҳам ўзбекларга хос бўлган хусусиятларни сақланиб, шу кунгача етиб келган бу мажмуада бугун турк миллатнинг янги авлоди таълим тарбия олиб келмоқда.

Фотога муҳрланган тасвирларда ўзбекларнинг удуми, ҳаёт ва яшаш тарзи катта бир мамлакатнинг кичик бир даҳасида сақланиб турганидан кўнглинг ғурурга тўлади.

Туркия бўйлаб саёҳатимиз давом этмоқда.

Нажмиддин Абдулазизов, журналист.

Ҳасан Пайдоев("Халқ сўзи") олган суратлар

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?