Туркияда ўзини кўп қаватли бинодан ташлаган қиз одам савдоси қурбони бўлган

20:15 30 Ноябрь 2021 Жамият
916 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг февраль ойи бошларида Туркия давлатида кўп қаватли уйлардан бирининг деразасидан ўзини ташлаб вафот этган ўзбек қиз ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланган эди. Ўшанда ўз жонига суиқасд қилиш билан боғлиқ турли тахминлар, қотиллик деган даъволар илгари сурилганди.

Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари олиб борган қатор тергов-суриштирув ишлари натижасида марҳум қиз одам савдоси жиноятининг қурбони бўлганлиги, ушбу жиноятни асли қашқадарёлик, Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб, якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчи холаси томонидан амалга оширилганлиги фош этилди.

Жиноят иши жорий йилнинг 23 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг С. Болтаев раислигидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судда марҳум (Бухоро вилоятидан) холаси билан 2020 йилнинг 25 октябрь куни савдо-сотиқ учун товар олиб келиш ниятида Туркия мамлакатига чиқиб кетганлиги, 7,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги кийим-кечак моллари эвазига холаси қизни гаровга қолдириб келганлиги рад этиб бўлмас важлар билан ўз тасдиғини топди.

Суд ҳайъати, судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, қизнинг холасини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топди ва унга шу модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

— Жазони тайинлашда суд ҳайъати судланувчининг ёлғиз аёл сифатида 5 нафар фарзанди борлиги, муқаддам судланмаганлиги ва қилмишидан пушаймонлиги каби омилларни инобатга олди, — дейди судга раислик қилган С. Болтаев.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?