Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу Ўзбекистон халқини шахматдаги тарихий ғалаба билан табриклади

18:04 09 Август 2022 Спорт
240 0

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

      Хабарингиз бор, айни кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари қизғин тарзда давом этмоқда. Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини 265 нафар спортчимиз ҳимоя қилишяпти.
       Юртимиз атлетларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ҳам айни вақтда Конья шаҳрида бўлиб турибди.

    Шунингдек, вазир ташрифининг кун тартибидан хорижлик спорт мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиш ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ҳам ўрин олган.
     Хусусан, бугун Коньядаги "Grand Millenium" меҳмонхонасида Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ҳамда Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

     Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида спорт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, футбол, дзюдо, бокс, оғир атлетика каби спорт турларида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
    Шу ўринда Адхам Икрамов Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу ҳамда V Ислом бирдамлик ўйинлари ташкилотчиларига спортчилар учун яратилган шароитлар ва юқори даражада ташкил этилаётган тадбирлар учун ўз миннатдорлигини билдирди.

    Қолаверса, А.Икрамов туркиялик ҳамкасбига Ўзбекистонда ташкил этилаётган нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан шу йил ўтказиладиган дзюдо бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати, бокс бўйича 2023 йили бўладиган жаҳон чемпионати, яқинда мезбонлик ҳуқуқи қўлга киритилган шахмат бўйича 46-Бутунжаҳон олимпиадаси ҳақида тўхталиб, ушбу тадбирларда Туркия спорт делегациясини ҳам фаол иштирок этишга чақирди.
  Учрашув қизғин давом этаётган бир вақтда Адхам Икрамовга ўзбекистонлик ёшлар 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлишгани тўғрисидаги ахборот етказилди ва бу хушхабардан мамнун бўлган Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу Ўзбекистон халқи ва олимпиада ғолибларини тарихий ғалаба билан муборакбод этиб, шахматчи ёшларга келгуси мусобақаларда улкан зафарлар тилади.

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер