Туркия қирғоқларида чўкиб кетган 3500 йиллик тарихга эга кемадан Ўзбекистондан қазиб олинган қалай топилди

Фото: Texas A&M University
Археологлар чўкиб кетган Улубурун кемасида қалайнинг келиб чиқишини аниқлашди. Бу ҳақда Цент-Луисдаги Вашингтон университети матбуот хизмати хабар берди.
Улубурун кемаси — Финикия савдо кемаси бўлиб, милоддан аввалги XIV асрда Анадолу қирғоғи яқинида ҳозирги Қош шаҳрининг жануби-шарқида чўкиб кетган. У 1982 йилда топилган ва бу савдо ҳамда навигация тарихидаги мутахассислар учун ҳақиқий ютуқ бўлган. Кема узунлиги 15 метрни ташкил этиб, у 20 тонна юкни ташишга қодир бўлган.
Cент-Луисдаги Вашингтон университети илмий ходими Майкл Фрачетти ва унинг ҳамкасблари кема олиб кетаётган қалай қаерда қазиб олинганини аниқлашга киришган. Бунинг учун улар қалайнинг изотопик таркибини таҳлил қилишга қарор қилишади. Яъни ҳар бир металл конида турли хил изотопларнинг ўзига хос комбинацияси мавжуд бўлиб, бу орқали руда қаердан қазиб олинганлигини билиб олиш мумкин.
Сўнгги икки ўн йилликда олимлар бутун дунё бўйлаб қалай конларининг изотопик таркиби, шунингдек, изотопик таркибнинг шаклланишининг табиий механизмлари ҳақида маълумот тўплаганлар.
Маълум бўлишича, қалайнинг учдан икки қисми Туркия ҳудудида жойлашган Кестел конидан, учдан бир қисми эса Ўзбекистондаги Мушистон конида қазиб олинган. Бу милоддан аввалги ХV асрда минглаб километрларга чўзилган ривожланган савдо тармоғининг мавжудлигидан далолат беради.
«Қалай излаш ўтмишда давлатлар учун катта муаммо эди. Мутахассислар бронза даврининг буюк империялари қалайнинг нисбий камлигини ҳисобга олиб, бронзага бўлган катта талабларини қандай қондиргани билан узоқ вақтдан бери қизиқиб келишган», дея тушунтиради тадқиқот муаллифлари. Энди олимларнинг бу масалага жавоби бор — хомашёни узоқдан олиб келиш мумкин бўлган.
Қалай бронзанинг асосий таркибий қисми бўлган ва ундан уй-рўзғор буюмлари, қурол-яроғ ва ҳимоя воситалари ясашда фойдаланилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- НАТО Украина масаласида Россия билан музокара қилишнинг ягона йўлини маълум қилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг