Туркий кенгашга аъзо давлатлар журналистлари учун Озарбайжонга пресс-тур уюштирилди

13:28 02 Сентябр 2021 Жамият
526 0

Айни пайтда «Халқ сўзи» газетаси махсус мухбири Дилшод Каримов Озарбайжонда бўлиб турибди. У Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши томонидан ташкил этилган пресс-турда иштирок этмоқда. Қуйида журналистнинг илк таассуротлари билан танишасиз.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда кенгашга кузатувчи давлат сифатида қабул қилинган Венгриядан журналистлар қатнашмоқда.

Пресс-тур мамлакат пойтахти - Боку шаҳридан бошланди. Журналистлар қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Жумладан, «Ичери шаҳар», яъни эски шаҳар мажмуасига қилинган саёҳат унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Кўҳна мозийдан садо бериб турган мажмуа Озарбайжон давлатчилигининг ўрта асрларига тааллуқлидир. Ширвоншоҳлар сулоласи ҳукмронлиги даврига тегишли қадимий меъморчилик обидалари, масжиду миноралар, тарихий экспонатлар шонли ўтмишдан сўзлайди.

Бу мажмуа бугунги кунда мамлакатга келадиган сайёҳларнинг энг гавжум масканига айланган.

Шу куни журналистлар Боку шаҳридаги Гиламчилик музейини ҳам бориб кўрди. Ушбу маданий даргоҳга ўтган асрнинг 60 йилларида асос солинган бўлиб, 2007 йилда Озарбайжон Республикасининг марҳум Президенти, таниқли давлат арбоби, озар халқининг атоқли фарзанди Ҳайдар Алиев ташаббуси билан янги бинога кўчирилган. Музей биноси австриялик архитектор ҳай-тек усулида қад ростлаган бўлиб, шакли гиламга ўхшайди.

Пресс-тур иштирокчилари ушбу масканда нафақат мафтункор гиламларнинг турли намуналарини, балки озар халқининг гиламдўзлик анъаналарига хос нафис нақшлар, тасвирлар, орнаментларни томоша қилди.

Озарбайжон гиламчилиги тайёрланиши жуғрофий жойлашувига қараб бир неча мактабга бўлинади. Қорабоғ, Габала, Боку мактабларига мансуб гиламлар катталиги, қалинлиги, нақшларга бойлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Экспонатларнинг катта қисми маҳаллий халқ томонидан музейга совға қилинган бўлса, айримлари Европа коллекционерларидан сотиб олинган. Мазкур музей ҳам Боку шаҳрининг энг чиройли масканларидан ҳисобланар экан. Чунки бу ерда кўплаб сайёҳларни учратдик. Музей меҳмонларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг Озарбайжон нафис санъат музейига ташриф буюрилди. Ушбу масканда озар халқининг ўтмиши ва замонавий санъатига оид нодир ашёлар сақланмоқда. Тасвирий санъат, кулолчилик, ҳунармандчилик, темирчилик, ҳайкалтарошлик ва бошқа қўл меҳнатига доир асарлар ўта нозик дид билан ишланган. Ўрта асрларга оид қурол-яроғлар, дубулғалар, қалқонлар, совутлар халқнинг ҳарбий санъатини ҳам намоён этса, рўзғор буюмлари ўша даврдаги оддий халқнинг турмуш тарзидан ҳикоя қилади. Музейдан Франция, Испания, Италия, Нидерландия, Россия ва бошқа давлатлар ижод аҳли яратган санъат намуналари ҳам ўрин олган.

Шу куни делегациялар Халқаро алоқалар таҳлилий марказида бўлиб, у ерда Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Ташқи сиёсат бўлимининг бошлиғи Ҳикмат Хожиев билан учрашди.

Учрашувда туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳикмат Хожиев туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини айтиб, уларни янада кучайтириш муҳим эканлигини қайд этди.

Самимий ва очиқ мулоқотда журналистлар ўзларини таништирар экан, ҳамкорликларни янада кенгайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнггида Ҳикмат Хожиев ўзбекистонлик журналистларга интервью берди.

— Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини тарихий анъаналар, маданият, тил ва эътиқод уйғунлиги боғлаб туради. Айниқса, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди, - деди Ҳ.Хожиев. – Айниқса, энергетика, газ-нефть, металлургия, автомобилсозлик, маданият, фан-таълим, туризм ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилинмоқда. Бундан ташқари, мамлакатларимиз Буюк ипак йўлини тиклаш ва ривожлантириш бўйича турли лойиҳаларда иштирок этмоқда. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг ҳамкорлигини янада серқирра қилиш имкониятлари юқори. Бу йўлда журналистларнинг ҳам ёрдамига суянамиз, албатта. Бундай пресс-турлар эса ижод аҳлининг фикр алмашувига, дўстлашувига, бирлашувига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Пресс-тур давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?