Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди

16:38 09 Ноябрь 2022 Иқтисодиёт
677 0

Бугун Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити доирасида аъзо мамлакатлар иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кўп томонлама ва кенг кўламли, турли муҳим йўналишлар бўйича муносабатларнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва логистика соҳасидаги шерикликни жадаллаштиришга қаратилган навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашувда инвестициявий ҳамкорлик истиқболи алоҳида кўриб чиқилди. Йирик қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўладиган Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни имзолашни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Давлат раҳбарларининг биринчи саммити доирасида имзоланиши режалаштирилган «Савдога кўмаклашиш стратегияси» доирасида фаол чора-тадбирлар ишлаб чиқишга тайёрлик билдирилди.

Таъкидлаш керакки, вазирлар мулоқотининг бир қисми ташкилот доирасидаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияни муҳокама қилишга бағишланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришни қамраб олувчи дастурий ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича келишувга ҳам эришилди.

Учрашув якунига оид брифингда ТДТ Бош котиби Бағдод Амреев йиғилишда кўтарилган масалалар, муҳокама этилган лойиҳалар ва келгуси режаларга батафсил тўхталди.

— ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги изчил ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Қозоғистон Президенти ташаббуси билан Туркистон шаҳрида Махсус иқтисодий зона ташкил этиш режалаштириляпти, — деди Боғдод Амреев. — Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши, барча туркий давлатлар қатори, айниқса, сизнинг республикангиз учун жуда фойдали бўлиб, муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Қозоғистон жанубида жойлашган Туркистон вилояти Ўзбекистонга жуда яқин, шимол томондан чегарадош ҳудуд.
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер