Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмаси қайта кўриб чиқилади

22:09 13 Август 2021 Жамият
521 0

Давлат раҳбари Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар билан учрашувда Бош вазирга шундай топшириқ берди.

«Спорт турлари бўйича ўтказилаётган мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган. Энг ачинарлиси, бу соҳада коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Масалан, спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилмасдан, фақатгина маълум бир тоифадаги спортчиларни республика босқичига олиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу боис чемпионатларимизда кучли спортчилар жуда кам, рақобат деярли йўқ.

Спорт йўналишидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун соҳада биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади.

А.Арипов бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоавий спорт мусобақаларини ўтказишни такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини киритсин.

Олимпия захирасидаги спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳим ҳисобланади.

Спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тикланишига ёрдам берадиган, уларнинг саломатлиги ва жисмоний қобилиятига ижобий таъсир этадиган маҳаллий озиқ-овқатлар рўйхати ҳамда оптимал овқатланиш рационларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш лозим.

Олимпия терма жамоалари спортчиларининг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Чунки спортчининг руҳий тайёргарлиги, ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, албатта, натижа ҳам шунча яхши бўлади.

Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш лозим», деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?