Туризм ва спорт вазири Халқаро самбо федерацияси ва Россия Олимпия қўмитаси раҳбарлари билан учрашди

20:43 13 Ноябрь 2021 Спорт
1058 0

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Хабарингиз бор, шу кунларда Тошкент самбо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳсларига мезбонлик қилмоқда.

Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан 1 200 нафарга яқин делегатлар иштирок этаётган нуфузли спорт анжуманини бир қатор таниқли спорт мутасаддилари ҳам кузатиб боришяпти. Бунга Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Россия Федерацияси Миллий олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.

Бугун Туризм ва спорт вазирлигида фахрий меҳмонлар билан учрашув ташкил этилди. Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, вазир ўринбосари Авазжон Каримов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.

Меҳмонларга Осиё самбо уюшмасининг президенти, ҳамюртимиз Аламжон Муллаев ҳамда Ўзбекистон самбо федерациясининг раиси Алишер Алимовлар ҳамроҳлик қилишди.

Учрашув аввалида туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов меҳмонларга нуфузли мусобақа мезбонлигини юртимизга ишониб топширганлиги учун самимий миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон томони Жаҳон чемпионатига келган ҳар бир меҳмоннинг Тошкентдан унутилмас хотиралар билан қайтиши учун астойдил ҳаракат қилишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда самбо спортини янада оммалаштириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, бугунги кунда мамлакатимиз самбочилари нафақат минтақада, балки жаҳонда етакчи ўринларни эгаллаб турганлигини эътироф этди.

«Албатта, биз эришилган натижалар билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз ва келгусида бунданда юқори ўринларга кўтарилишга ҳаракат қиламиз. Бунда бизга самбо Ватани Россия тажрибаси қўл келади ва бу борада Россия самбо федерацияси билан амалий ҳамкорлик қилиш ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир», — деди учрашувда туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов.

Ўз навбатида, меҳмонлар самимий қабул учун ташаккур билдириб, юртимизда самбони ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо беришди. Хусусан, сўнгги йилларда ўзбекистонлик самбочиларнинг халқаро ареналарда қўлга киритаётган ютуқларини алоҳида эътироф этишди.

Учрашувда Халқаро самбо федерацияси раҳбари Василий Шестаков 2025 йили Тошкент мезбонлик қиладиган IV ёшлар ёзги Осиё ўйинлари дастурига самбо спорт турини ҳам киритиш таклифини илгари суриб, бу ушбу спорт турининг қитъамизда янада ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Икки томонлама мулоқот якунида томонлар ўзаро совғалар алмашишди.

Шу билан Россия Федерацияси Миллий олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняковнинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер