Туризм фидоийлари энди ҳар йили тақдирланади

19:37 13 Октябр 2020 Жамият
284 0

Бу йил илк бор ўтказилган «Туризм фидоийси» кўкрак нишони тақдирлаш маросими Hilton Tashkent city меҳмонхонасида ўзгача шукуҳда ўтказилди. Тантанали тадбир аввалида мукофот эгаларининг қизғин меҳнат жараёнлари акс эттирилган видео роликлар намойиш этилди.

Берилган маълумотларга кўра, ушбу мукофот билан тақдирлаш учун номзодларни танлашда махсус комиссия кўплаб жиҳатларни, хусусан, чет элларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва кенг аудитория орасида мамлакатимиз туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, замонавий туристик маҳсулотлар ва хизматларни инновацион ечимларини яратиш бўйича самарали фаолият, етакчи хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини оммалаштирилган материалларнинг сони ва машҳурлиги, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар турини кенгайтириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича ҳаракатлар, маданий мерос объектларини сақлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришда фаол иштирок этиш, туризм ва хизмат кўрсатиш учун малакали кадрларни тайёрлаш, шогирд-устоз анъаналарини жорий этиш бўйича кўп йиллик тажриба, маҳаллий ва халқаро грант лойиҳаларида фаол иштирок этиш, туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд муаммоларини чуқур илмий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган таклифларни, янгиликларни ва ишларни амалга ошириш каби кўплаб ютуқлар ҳисобга олинган.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ушбу тақдирлаш маросими келгусида анъанавий тарзда давомли ўтказилишини, шу билан бирга, пандемия давридан сўнг Ўзбекистонда ички туризм яна оёққа туриб олиши учун бугун мустаҳкам пойдевор яратиб борилаётгани, хусусан, чекка ҳудудларда, чўл ва тоғли жойларда ҳам иш ўринларини яратиш учун тайёргарликлар кўрилаётганини алоҳида эътироф этди.

Тақдирлаш маросимида давлат органлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ходимлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган хориждаги ватандошлар каби 20 нафар фидоийлар хизматлари ва фаол тарғибот ишлари учун «Туризм фидоийси» кўкрак нишони билан тақдирланади.

Соврин лауреатларига бир марталик пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида тақдим этилди. Кўкрак нишони Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти томонидан топширилди.

— Бугунги тақдирлаш маросимида фидоий деб эътироф этилганимизни ўзи бизга катта куч бағишлади, руҳлантирди. Бунинг учун ҳукуматимиздан чексиз миннатдормиз. Бу юксак ишонч мукофотдан кейин ҳаммамизни бирдамликда янада салмоқли ишлашга ундайди,  — дейди “MUINAK TOUR” МЧЖ директори Амина Бекжанова.

Юлдуз ЎРМОНОВА,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?