Туб ислоҳотларнинг амалий натижалари

19:22 28 Сентябр 2021 Жамият
706 0

Фото: Ҳасан Пайдоев - "Халқ сўзи"

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир сектор раҳбарларига ва барча даражадаги мутасаддилар олдига, аввало, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ижобий ҳал этиш орқали одамларни рози қилишни асосий вазифа сифатида белгилаб берди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, бу ёндашув жамият ривожи, халқ фаровонлигида муҳим ўрин тутяпти.

Мавзудан узоқлашмаган ҳолда, фикримизни Кармана тумани 2-сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар билан давом эттирамиз. Пандемия даврида 787 нафар эҳтиёжманд оилалар “темир дафтар”га киритилиб, 778 та оила ушбу дафтардан чиқарилди. Буни айтиш осон, лекин бунга эришишда катта масъулият ва меҳнат ётибди.

Бугунги кунда сектор ҳудудида рўйхатда турган 9 нафар оилани доимий равишда қўллаб-қувватлаш, улар бандлигини таъминлаган ҳолда, дафтар рўйхатидан чиқариш ишлари олиб борилмоқда. 

Сектор ҳудудидаги маҳаллаларда “ёшлар дафтари”ни шакллантириш юзасидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 757 нафар ёшлар ушбу дафтарга рўйхатга киритилди. Улар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бораси тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

— Жумладан, 280 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 141 нафарига “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредит олиб берилди, — дейди  Кармана тумани прокурори, 2-сектор раҳбари А. Сувонов— Қолаверса, 142 нафарига ер ажратилди, 62 нафарига меҳнат қуроллари учун субсидиялар ажратилди, 11 нафар ёш талабаларнинг тўлов-контрактларини, 20 нафарига тиббий ҳамда 5 нафари ёшнинг ҳарбий хизмат учун тўловлари тўлаб берилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, 370 нафар хотин-қиз “аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, тадбиркорликка жалб этиш бўйича сектор ишчи гуруҳ аъзолари, тижорат банклари томонидан ишлар олиб бориляпти.

Жумладан, 2-сектор ҳудудидаги 212 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди, 6 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 73 нафари тадбиркорликка жалб этилди, 36 нафари томорқадан фойдаланиш орқали фойдали меҳнатга қамраб олинди. Бевосита сектор раҳбари ташаббуси билан 2 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда 3 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларни уй-жойи тўлиқ таъмирлаб берилди. Бундан ташқари, 8 нафар қарамоғида ногиронлиги бор аёлларга моддий ёрдам ҳамда 30 нафарига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, 2-сектор ҳудудидаги “Шибзон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи “аёллар дафтари”га киритилган фуқаро Холида Бобомуротовага туман прокурори ташаббуси билан 4 яшик асалари, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи З.Исломова, А.Эргашева, Ш.Акрамова, З.Собироваларга хомийлик асосида 3 яшикдан асалари берилиши таминланган.

Бундан ташқари, жорий йилда “Жалойир” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Full Cottin” МЧЖ қўшма корхонаси ишга туширилиб, ҳудуддаги 200 дан зиёд ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, Шибзон маҳалласида яшовчи Гавҳар Эгамовага 33 млн. сўм имтиёзли кредит олиб берилиб, гўзаллик салони фаолияти билан шуғулланишига кўмак берилди. Шу билан бирга, сектор ҳудудидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи фуқаро София Полвоновага 20 млн. сўм, Нозик Ҳайдаровага 30 млн. сўмдан имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг паррандачилик фаолиятини йўлга қўйилишига кўмаклашилди.

Бундан ташқари, “Уйрот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи М.Умарова, Н.Рўзиева, Н.Йўлдошева, А.Ахтамов, Д.Самонов ва бошқалар унни қайта ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлаштирили, уларнинг оилалари доимий даромад манбаига эга бўлишди.

Шунингдек, 2-сектор раҳбари ташаббуси билан Нурафшон маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Анора Шодиеванинг хонадони ҳомийлик асосида таъмирлаб берилди. Бундан ташқари, тижорат банк томонидан ажратилган 100 млн. сўм кредит маблағлари ҳисобига “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Шуҳрат Робияхоним” оилавий корхонаси томонидан 80 ўринли ўқув биносини қуриб битказишга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Қолаверса, туман прокурори ташаббуси билан “Уйрот” маҳалласида жойлашган “Asila mirshod quvonchi” оилавий корхонасига 150 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, ҳозирги кунда қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сектор ёрдами билан Арабхона маҳалласи Бободеҳқон-2 кўчасининг 800 метр ҳамда Айрончи маҳалласи Дўстлик кўчасининг 600 метр жойига шағал-тош аралашмаси ётқизилди. Шу каби сектор ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 50 та тик қудуқлари ҳомийлик асосида қуриб берилиши натижасида ушбу ҳудуднинг аҳолиси тўлиқ сув билан таъминланди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир.

 

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?