Транспорт вазирлигига қандай эътирозлар бўлди?

18:57 13 Декабрь 2023 Жамият
145 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар.

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига Транспорт вазири И. Маҳкамов жавоб берди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш, ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автотранспорт воситалари билан таъминлаш бўйича Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, автобусда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи ташувчилар билан ҳисоб-китоблар “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифлар, жумладан, имтиёзли ва бепул, чекланган ва чекланмаган ҳамда рағбатлантирувчи тарифлар белгиланганлиги ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилганлиги аҳолига қулайликлар яратиш билан бирга жамоат транспортидан фойдаланиш жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда жамоат транспорти мунтазам равишда замонавий автобус ва электробуслар билан янгилаб борилмоқда. Тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида шаҳар жамоат транспортига мўлжалланган автобуслар сотиб олишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилди.

“Ҳукумат соати”да депутатлар амалга оширилган ишлар билан бирга жамоат транспорти жозибадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор масалаларга эътибор қаратишди. Хусусан, депутатлар вазирлик фаолиятида аҳолининг йўловчи ташиш хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, қатнов мунтазамлиги, хавфсиз, сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг етарли эмаслигини айтдилар.

Бундан ташқари, “Транспорт тўғрисида”ги қонунда вазирликнинг транспорт соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган бўлсада, транспорт соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, замонавий бошқарув услубларига асосланган ягона уйғунлашган транспорт тизимини яратиш бўйича чоралар кўриш каби вазифалар лозим даражада бажарилмаяпти.

Хусусан, “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда Иқтисодиёт ва молия, Транспорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига Давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига автотураргоҳ профилини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш амалиётини жорий этиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган. Лекин шу вақтга қадар мазкур вазифанинг ижроси бажарилмагани депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Депутат Таваккал Чориев шаҳарларимизда автобус бекатларининг ҳолати талаб даражасида эмаслиги, уларнинг аксарият қисмидан фақат тижорат мақсадларида фойдаланилаётганига эътибор қаратди. Марказий кўчаларда тирбандликка сабаб бўлаётган муаммолардан яна бири — автотранспортлар учун тўхташ жойларининг етарли эмаслиги, марказларга экологик нуқтаи назардан автомобиллар киришини чеклаш ҳақида таклифлар анчадан бери илгари сурилаётган бўлсада, бу борада ишларнинг тўлиқ якунланмаганлигини таъкидлаб, шаҳар йўлларида автомобиллар тўхташ жойларини, марказларда эса пулликларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётганлиги юзасидан савол берди.

Шунингдек, депутат Шерзод Раҳмоновнинг қайд этишича, йилнинг маълум даврларида асосан байрам таътиллари муносабати билан талаба ёшларимизга темирйўл ва авиачипталарга чегирмалар эълон қилинаётгани, шубҳасиз, таҳсинга сазовор. Лекин ижтимоий тармоқлар, чегирмалар барча чипталар сотиб бўлинганидан кейингина эълон қилингани, бу янгилик талабаларимиз учун бесамарлиги ҳақида эътирозларга тўла. Умуман эълон қилинаётган чегирма ва имтиёзларни амалга оширишга вазирлик имкониятлари қай даражада етарли? Тезюрар поездларга чипталар тақчиллиги, уларнинг очиқ савдода камёблигини ҳисобга олиб, нега қўшимча рейслар қўйилмайди? Бу муаммо авиатранспортга ҳам тегишли. Қачонгача темир йўл, авиачипталар масаласи ижтимоий тармоқларда доим шов-шувга сабаб бўлади?

“Ҳукумат соати”да депутат Бахитбай Алдамуратов Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун ташкил этилган махсус йўлакчалар самарадорлиги натижалари, қўшни мамлакатларда 8-10 йилдан буён йўлга қўйилган бундай тизимларнинг бизда фақат пойтахтда, шунда ҳам фақат бармоқ билан санаб бўладиган кўчалардагина йўлга қўйилганлиги сабаблари билан қизиқиб, бу борада Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қандай йўлга қуйилганлигини сўради.

Шунингдек, мажлисда депутатлар томонидан сайлов округлардаги сайловчилар билан учрашувлар жараёнида билдирилаётган таклифлар, қолаверса ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлардан келиб чиқиб, жамоат транспорт ҳайдовчиларини танлаш, уларни малакаси ва маданиятини ошириш, жамоат транспортидан фойдаланишда имконияти чекланган йўловчилар, хусусан ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар юзасидан ҳам саволлар ўртага ташланди.

Вазир ва соҳа масъуллари томонидан депутатлар кўтарган юқоридаги ва бошқа саволларга берилган жавоблар депутатларни тўлиқ қаноатлантирмади.

Шу сабабли Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига масалани янада чуқурроқ ўрганиш ва келгуси йиғилишларнинг бирида депутатларга ахборот бериш топширилди.

Қизғин муҳокамаларда депутатлар аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва тизимдаги кўрсаткичларни янада ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?