Тожикистонлик ўқитувчилар Термизда малака оширишди

11:20 14 Сентябр 2022 Жамият
305 0

Фото: Халқ сўзи

Тожикистон республикаси Сўғд ва Хатлон вилоятларининг 11 нафар бошланғич таълим ўқитувчилари Сурхондарё вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида малака оширишди.

Азалий қардош, дини, тарихи, урф-одат, анъана ва қадриятлари муштарак ўзбек-тожик халқлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари бугун янги босқичга кўтарилган. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги шерикчиликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир қатъий хоҳиш ва интилиш янги марраларни забт этишга асос бўлмоқда. Айниқса, давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари мунтазамлик касб этиб, олиб борилаётган музокараларнинг конструктив руҳи сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда кенг миқёсдаги икки тарафлама ҳамкорликни кучайтириш ҳамда барқарорлаштириш омили бўлиб хизмат қилаётир. Шу жумладан, маориф соҳасини ривожлантириш учун малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги 2000 йил 15 июнда имзоланган «Абадий дўстлик» тўғрисидаги шартнома, Савдо иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 7-сонли йиғилиш баённомаси, шунингдек, ўзаро илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битимларда кўрсатиб ўтилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида қўшни давлат педагоглари учун махсус ўқув курслари ташкил этилмоқда. Навбатдаги ана шундай ўқув курсида Тожикистон республикасининг Сўғд ва Хатлон вилоятларидан 11 нафар бошланғич таълим ўқитувчилари иштирок этишди.

— Таълим соҳасида давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий-педагогик ходимлар ўртасида ўзаро алмашинув ишларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ҳамда ушбу давлатдаги олий таълим муасcасалари билан ўзаро манфаатли дастурларни амалга ошириб келмоқдамиз. Айни жараёнда ёш педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имконияти чекланган болалар учун қулай ва сифатли таълим усулларини аниқлаш, ўзаро ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш, икки давлат ўртасидаги таълим тизими интеграциясини яна кенгайтиришнинг истиқболлари белгилаб олинган. Сурхондарё вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази билан ҳамкорлигимиз ўйлайманки, ўзаро тажриба алмашиш, илғор, инновацион медодларни яратиш ва уни амалиётда қўллашда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги таълим соҳаси ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика институтининг халқаро алоқалар ва лойиҳалар бўлими бошлиғи Собирахон Ҳабибова.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер