Тошлоқнинг илғор фермерлари 700 миллион сўм фойда олишни режалаштирмоқда

18:37 01 Октябр 2022 Жамият
496 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун миллион эгатларга сочилган элимизнинг ризқ-насибаси бўлган пахтани ўз вақтида йиғиб-териб олиш мавсумнинг ҳар бир иштирокчисидан фаол ва фидойи бўлишни талаб этади.

Таъкидлаш ўринлики, бу йил Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 5120 гектар майдондан 18 минг 200 тонна сифатли саноат хом ашёси йиғиштириб олишда мавсум иштирокчиларининг моддий манфаатдорлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Тошлоқ туманидаги пахтачилик йўналишида ихтисослашган 166 та фермер хўжаликлари ва 90 та терим отрядлари томонидан 14,5 минг тонна пахта териб олинди. Кўплаб илғор фермер хўжаликлари биринчи теримнинг ўзида 42-45 центнердан ҳосил олишга эришаётгани қувонарлидир.

Тумандаги «Асадбек Қобилжон» фермер хўжалигида биринчи теримнинг ўзида 35 гектар майдонга экилган «С-8290» навли пахтанинг ҳар гектаридан ўртача 40 центнердан ҳосил олиняпти. Далада ҳали 16 гектар ерда биринчи терим турибди. Фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда пахтачилик тармоғидан 650-700 миллион сўм фойда олишни режалаштирмоқда.   

 — Биринчи теримнинг ўзида ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни мақсад қилганмиз, — дейди тумандаги «Дурдона барака» фермер хўжалиги раҳбари Абдужалил Раҳимов. — Ҳозирча 13 гектар ерда биринчи терим бўлишига қарамай шартнома режаси деярли бажарилди. Ҳар куни ўртача 135-150 нафар теримчи пахта термоқда. Ўтган ҳафтадан буён ҳар бир кило пахта учун 1700 сўмдан терим пули, 100 кг пахта учун 1 кг дан ўсимлик ёғи тарқатиляпти. Мавсум бошидан буён теримчиларга 150 миллион сўм терим пули тарқатилди.

Шу йилнинг 29 сентябрида Тошлоқ туманида териб олинган пахта учун теримчиларга 17 миллиард 509 миллион сўмдан ортиқ терим пуллари тарқатилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?