Тошкентдаги тунги клубда бир неча кишини калтаклаган шахс Қозоғистонда ушланди

10:57 18 Март 2025 Жамият
239 0

Видеодан кадр

Тошкентдаги тунги клубда шеригини ҳимоя қилишга уринган эркак аёвсиз калтакланиши оқибатида комага тушиб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Уни уриб тан жароҳати етказган эркак қўшни Қозоғистонда қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкен шаҳар ИИББ

Маълум қилинишича, Яккасарой туманида содир этилган жиноят бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида 1995 йилда туғилган Акмал Шукуров терговдан қочиб яширингани сабабли унга нисбатан сиртдан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида у Қозоғистонда ушланган.

«Ҳозирда уни Тошкент шаҳрига экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда», дейилади ИИББ хабарида.

Mуштлашув жорий йилнинг 16 март куни тунги соат 02:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бирида юз берган. Унда 30 ёшли А.Ш. ўзининг 40 ёшли таниши Х.А. билан тортишиб қолиб, ўзаро жанжаллашган. Бу вақтда 35 яшар Б.А. уларни ажратишга ҳаракат қилган, бироқ А.Ш. уни уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда Б.А. «бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш» ташхиси билан шифохонага олиб борилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер