Тошкентдаги кўп қаватли уйда ёнғин юз берди. Оқибатда тўшакда ётган фуқаро қурбон бўлган

18:29 31 Октябр 2024 Жамият
340 0

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида юз берган ёнғин оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт ФВБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 31 октябрь куни соат 02:13 да Тошкент шаҳар Олмазор тумани Чинобод МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5-уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида хонадоннинг тахминан 10 кв.м майдонда ички қисми ёниб зарарлангани ва хонадонда яшовчи 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлгани аниқланган.

Оила аъзоларининг сўзларига кўра, 1950 йилда туғилган фуқаро инсульт касаллигига учрагани ва шу сабабли ҳаракатлана олмаганлиги учун охирги йиллари оила аъзолари назоратида ётоқ ҳолатида бўлган.

Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлган фуқаро, ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиш натижасида, ёнғин содир бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ҳозирги вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси сизлардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраб қолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?