Тошкентда жамоат тартибини бузган Исроил фуқароси 15 суткага қамалди 

21:47 17 Май 2024 Жамият
360 0

Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада кечаси баланд овозда мусиқа қўйиб, атрофдагиларнинг тинчини бузган чет эл фуқароси маъмурий жазога тортилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га пойтахт судидаги манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 16 май куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 192-моддаси (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) ва 194-моддасининг 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланаётган 56 ёшли Исроил фуқароси А.Х.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, жорий йилнинг 16 апрель куни соат 22:30 да «M.» меҳмонхонаси ходими Ф.А. Тошкент шаҳар ИИББ ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, А.Х. исмли мижоз фуқаролар тинчини бузаётганини маълум қилган. У аризасида мижоз кечаси баланд овозда мусиқа қўйгани, шунингдек, маст ҳолатда меҳмонхонага пешоб қилганини ҳам қўшимчаган.

Ҳолат юзасидан воқеа жойига ИИО ходимлари етиб келган ҳамда А.Х.ни ИИБ бўлимига таклиф қилишган. Аммо у ИИБ бўлимига боришдан бош тортиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармаган.

Суд мажлисида айбланувчи қилмишига иқрор бўлган. 

Суд қарори билан А.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 192-моддаси (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) ва 194-моддасининг 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?