Тошкентда «Uzbekistan Trade Info» савдо ахбороти платформаси ишга туширилди — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

14:48 24 Ноябрь 2022 Жамият
271 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, тадбирни инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов кириш сўзи билан очди.

У ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг бизнесни қўллаб-қувватлаш ва савдони ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва жаҳон бозорлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир давомида «Uzbekistan Trade Info» ахборот платформасининг расмий тақдимоти ҳамда уни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу платформа Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг халқаро бозорларга чиқиш учун очиб бераётган имкониятлар ҳам муҳокама қилинди.

«Uzbekistan Trade Info» онлайн воситаси трансчегара савдоси билан боғлиқ маълумотларга бепул ва доимий эга бўлишни таъминлашга, тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни қисқартириш ҳамда савдони тартибга солишга, шунингдек, савдо жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради.

Платформадаги маълумотлар янгиланишини таъминлаш учун у жамоа томонидан давлат органлари ва хусусий сектор билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Платформа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган 4 йиллик «Ready4Trade Central Asia» лойиҳаси доирасида ишга туширилди. Савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ушбу минтақавий лойиҳа Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби бешта давлатида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

«Uzbekistan Trade Info» савдо ахборот платформаси трансчегаравий савдони осонлаштириш, мавжуд миллий онлайн-сервислар билан яратилган имкониятларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон хусусий секторига халқаро савдонинг барча имкониятларидан фойдаланишда ёрдам беришнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?