Тошкентда ТДТ транспорт вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди

12:27 30 Октябр 2022 Жамият
231 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон томони раислигида ўтган учрашувда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон транспорт вазирлари, ТДТ Бош котиби ҳамда соҳада фаолият олиб бораётган халқаро экспертлар иштирок этди.

Транспорт ва коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш, тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий алоқани янада ривожлантиришга қаратилган тадбирни ташкилот Бош котиби Бағдод Амреев бошқариб борди.

Дастлаб Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов сўзга чиқиб, туркий мамлакатлар аро савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадаллашаётганини қайд этди. 2021 йил юртимизнинг аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 8.3 миллиард долларни ташкил этган. Бунда экспорт ҳажми 3.1, импорт эса 5.3 миллиард долларга тенг бўлган.

Йиғилиш иштирокчилари ўз маърузаларида транспорт соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласига эътибор қаратдилар, юк ташиш жараёнида рақамли ечимдан самарали фойдаланиш кўламини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.

Маълумки, бугунги кунда дунёда кузатилаётган вазият транспорт коммуникациясини ривожлантириш, ташқи савдо юки ташилувчи йўналишларни диверсификация қилишга умумий ёндашувни талаб этмоқда. Шу жиҳатни инобатга олган ҳолда 2021 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти 8-саммитидаги нутқида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратган эди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, туркий халқлар яшаб келган минтақа минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт-савдо кўприги вазифасини бажарган.

Мулоқот чоғида мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан юк ташиш ҳажми ўтган йил 27.6 миллион тоннани ташкил этгани, шунинг 80 фоиздан кўпи темир йўл, 18 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келиши таъкидланди.

– Марказий Осиё орқали асосий жаҳон бозорига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорига чиқишни таъминлаш муҳим, – деди Бағдод Амреев. – Шу маънода минтақа давлатлари янги бозорга чиқишда «Зангезур йўлаги»нинг иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиши керак. Самарқандда ўтадиган саммитда имзоланадиган ҳужжатлар рўйхатига транспорт билан боғлиқ барча масалалар киритилган.

Экспертлар фикрича, Европа ва Осиё ўртасидаги қитъаларни боғловчи энг қисқа йўллар туркий давлатлар орқали ўтади. Шу боис айни жараёндаги интеграциялашув нафақат транзит юк ташиш ҳажми ошишига олиб келади, балки Евросиё қитъасининг барча мамлакатлари тараққиётига ҳисса қўшади.

Мамлакатимиз Каспий денгизи орқали ўтувчи «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа», «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» йўналишларидан самарали фойдаланмоқда. Қолаверса, ТДТ ҳамкорлигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия иштирокида Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича иш олиб бориляпти.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ТДТ 8-саммитида «Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури»ни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди.

Йиғилишда бундай дастурга эҳтиёж кучлилиги сўнгги пайтда Ўзбекистон ва бошқа туркий мамлакатларда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, транзит билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш мақсадларини кўзлагани эътироф этилди. Тўғри, бу борада салмоқли ишлар амалга оширилган, бироқ манфаатдор томонлар транспорт тизими интеграциялашуви жараёни ҳали якунланмаган.

– ТДТ транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятга эга. Имкониятимиздан оқилона фойдаланиш мамлакатларимиз барқарор ривожланиши, кўп томонлама савдо-иқтисодий алоқа мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз, – деди Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. – Транспорт ва логистика йўналишларимиз рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида иқтисодий манфаатимизни илгари суриш учун янада фаол ҳаракат қилиш вақти келди.

Мажлис якунида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисидаги битим ва Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик Дастури имзоланди.

Мазкур ҳужжатлар минтақадан ўтувчи транспорт йўлакларини тизимлаштириш, ҳудудларимизда транспорт ҳаракатини кўпайтиришга кўмаклашиш, йўлларимиз жозибадорлигини ошириш, мамлакатлар транспорт инфратузилмаси илғор ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган.

Шундан сўнг анжуманлар саройига кираверишда «E-permit» – электрон рухсатнома бланкалари электрон тизимини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер