Тошкентда «Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги» бошланди

19:08 17 Август 2022 Сиёсат
501 0

Жорий йилнинг 17 август куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасининг «Ballroom» залида «Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги» доирасида I-panel мунозараси бўлиб ўтди.

Тадбирнинг шижоаткор муҳити иқтисодиётни ривожлантириш, савдо ва инвестицияларни жалб қилишни фаоллаштириш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларини, бизнес ва халқаро молия ташкилотларининг вакилларини мулоқот қилишга чорлаб турди.

Маълумки, 2021 йилдан бошлаб 20 август мамлакатда «Тадбиркорлар куни» сифатида нишонланиб келинади. Бизнес билан учрашувлар анъанавий тарзда ўтказилмоқда. Ҳар йили очиқ мулоқот шаклида энг долзарб муаммолар муҳокама қилинади, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги йўналишлари ва ноанъанавий ғоялари илгари сурилади.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов ўз нутқида иштирокчиларнинг эътиборини мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилган ишлар натижаларига қаратди.

Сўз пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, банк-молия тизимини трансформациялаш, инвесторлар учун қўшимча имтиёз ва преференциялар, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясида белгиланган устувор вазифалар мажмуини амалга ошириш ҳақида бормоқда.

Панель мунозараси давомида вазирлик ва идоралар раҳбарлари бизнесни бошлашда стартаплар ва инновацион ғояларни рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатиш, субсидиялар бериш орқали тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича чоралар кўриш ва бошқа шу каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришди.

Ўз навбатида, бизнес вакиллари хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияларни жорий этиш, электрон савдо майдончаларини ва умуман ИТ-тармоғини ривожлантириш учун мамлакатда яратилган имкониятлар ҳақида фикр алмашдилар.

Шундай қилиб, «Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги» доирасида ўтказилган биринчи панель мунозараси тадбиркорларнинг долзарб муаммолари, уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича ўз ғоялари, таклифлари ва ташаббуслари билан бўлишиш имкониятини берувчи майдонга айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?