Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

23:15 18 Август 2022 Сиёсат
610 0

Фото: ИИВ

Жорий йилнинг 18 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислиги доирасида ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи Кенгаши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томони раислигида ўтган кенгашда ШҲТга аъзо давлатларнинг ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари раҳбарияти ва вакиллари, шунингдек, ШҲТнинг доимий органлари иштирок этди. Ташкилот ҳузуридаги кузатувчи-давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ИНТEРПОЛ, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси, МДҲ аъзо давлатларнинг терроризмга қарши курашиш маркази вакиллари юртимиз меҳмони сифатида ташриф буюришди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган кенгаш давомида делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизлик, ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалалари борасида ўзаро фикр алмашдилар. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги тўғрисида юқори даражадаги ўзаро келишувга эришилди.

Халқаро майдонда ўсиб бораётган беқарорлик ва нотинчликни ҳисобга олган ҳолда, ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари йўналиши бўйича ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масаласи ҳам кенгашнинг кун тартибидан ўрин олди.

Терроризм, экстремизм ва сепаратизм, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ШҲТ маконида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш устувор ва долзарб ҳисобланиши қайд этилди. Вазирлар бир овоздан «Шанхай руҳи» тамойилларига мувофиқ трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш зарурлигини қайд этиб, (Тошкент ш., 2010 йилнинг 11 июни), ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги орқали ШҲТнинг келишув-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи Кенгашига пухта тайёргарлик кўрилганлигини ва юқори ташкилотчилик даражасида ўтганлигини эътироф этишди.

Тадбир сўнгида Кенгаш баённомаси имзоланди.

Умуман олганда, йиғилиш ишчанлик ва конструктив руҳда, дўстлик, ўзаро ишонч муҳитида ўтгани, давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер