Тошкентда Марказий Осиё умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинмоқда
Бугун Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (МОМИҲ) мамлакатлари энергетика вазирларининг биринчи мулоқоти ўз ишини бошлади. Эътиборлиси, мазкур форум Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилди.
МОМИҲга аъзо давлатлар энергетика вазирлари томонидан қўшма декларация имзоланиши ушбу анжуманнинг ёрқин воқеаси бўлди.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужжат аъзо давлатларга “МОМИҲ-2030” учун умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мажбуриятини юклайди.
Декларация 9 банддан иборат. Унда мамлакатларнинг 2030 йилгача умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барқарор ривожланиш мақсадларидан бири - тоза энергиядан фойдаланишга эришиш борасида ҳамкорлик қилиш ўз ифодасини топган.

Рамзий жиҳати шундаки, мазкур ҳужжат БМТнинг жорий йил 24-25 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган барқарор ривожланиш соҳасидаги саммити арафасида имзоланди.
“МОМИҲ-2030” янги энергетика стратегияси Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқиляпти. Унинг мақсади БМТнинг барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқ минтақада 2030 йилгача ишончли, барқарор, ислоҳ қилинган энергия бозорларини яратишдир.
– Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Ўзбекистон молиявий ва экологик жиҳатдан барқарор энергия саноатини ривожлантириш тарафдоридир. Биз ўз мақсадимизга эришиш учун МОМИҲ минтақасининг бошқа давлатлари ва халқаро молия манбалари билан ишлашдан умидвормиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов.
Декларацияни имзолаган мамлакатлар, шунингдек, қуйидаги мажбуриятларни олди:
- 2023 йилгача шамол ва қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтириш;
- хусусий секторга инвестициялар киритилишини кўпайтиришни рағбатлантириш учун инвесторларга маъқул меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш;
- МОМИҲ доирасида молиялашнинг минтақавий механизмларини яратиш;
- МОМИҲ минтақасида энергетика соҳасида кам сонли бўлган аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш.

Ўз навбатида Марказий Осиё энергетика инвестиция форуми мазкур тадбирнинг мантиқий давомига айланди. У иштирокчиларга табрик сўзи ва “Марказий Осиёда инвестициявий тўсиқларни бартараф этиш: ўтиш даврида энергетика бозорига бизнесни жалб қилиш” тақдимоти билан очилди.
Форумнинг биринчи кун дастуридан жабҳага оид тақдимотлар ва муҳокамалар жой олди. Энергетика секторини инвестициялар учун энг қулай шароитларни яратиш катализатори сифатида ислоҳ қилиш масалалари улар ичида энг долзарби эканлиги қатнашчилар томонидан эътироф этилди. Ўз навбатида B-2-B форматида музокаралар ҳам ўтказилди.
Форум эртага ўз ишини давом эттиради. Унда Марказий Осиёда энергетик ўтиш(муқобил энергия воситаларига ўтиш)ни қандай қилиб даромадли бизнесга айлантириш мумкин деган саволга жавоб изланади. Шу мавзу бўйича ОТБнинг Энергетика сектори бўйича гуруҳи, Германия энергетика агентлиги вакиллари чиқиш қилишади. Шундан сўнг Power China International Group Limited, KB Global Investments, ACWA компаниялари раҳбарияти иштирокида муҳокамалар ташкил этилади. Қолаверса, минтақавий стартаплар ва инновацион бизнес моделлар намойиш қилинади.

Маълумот учун, МОМИҲ дастури Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва умумий ривожланиш мақсадида ҳамкорлик қилиш бўйича 11 мамлакат ҳамда ҳамкорларнинг биргаликдаги фаолиятини намоён этади. Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистан, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Покистон, ХХР, Тожикистон, Туркманистон мазкур ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади.
Дилшод Улуғмуродов("Халқ сўзи"),
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг