Тошкентда "Малибу" дарахтга урилиб, ёниб кетди

17:28 29 Ноябрь 2020 Жамият
400 0

28 ноябрдан 29 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 3.40 ларда Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган «Рамада» меҳмонхонаси яқинида фуқаро З.С. бошқарувидаги «Малибу» русумли (д/р 01 F550 JB) автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Автоуловда 33 ёшли Н.Ф. ҳам бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, машина дарахтга урилган. Ўша пайтда ушбу йўналишда ҳаракатланаётган ва автоҳалокатга гувоҳ бўлган ҳайдовчилар «Малибу» ҳайдовчиси ва унинг йўловчисини қутқариб қолишган ҳамда воқеа гувоҳларидан бири жабрланганларни ўз машинасида касалхонага олиб борган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, «Малибу» ҳайдовчиси ва йўловчиси енгил тан жароҳати олган, уларнинг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда.

Воқеа жойида фуқаро З.С. ва Н.Ф. лар автомобилдан чиқарилганидан сўнг, «Малибу» мотор бўлинмасида ёнғин содир бўлган, бу ҳақда гувоҳлардан бири «101» тез ёрдам рақами орқали хабар берган. Ёнғин ҳақида чамаси соат 03.30 ларда ФВБга хабар берилган, чақирув асосида воқеа жойига зудлик билан ёнғин хавфсизлиги ходимлари етиб бориб, соат 03.54 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан автоҳалокат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда Интернет тармоқларида воқеа видеолавҳаси тарқалмоқда, унинг муаллифи «Малибу» ҳайдовчиси ва йўловчиси қутқарилиб, касалхонага етказилганидан сўнг воқеа жойида бўлган. Аммо видео муаллифи вазиятни тўлиқ тушунмай, афтидан, жамоатчилик ўртасида норозилик келтириб чиқариш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини салбий томондан кўрсатиш мақсадида, форма кийган одамларга асоссиз даъволар билан мурожаат қилган. Шу билан бирга, видеонинг таглавҳасида форма кийган одамлар гўёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчилари эканлиги айтилган. Аслида эса, уяли телефон камерасининг объективига яқин атрофдаги «Локомотив» паркининг қўриқчилари тушиб қолишган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?