Тошкентда IX-X асрларга оид бўлган археологик ёдгорлик аниқланди

15:54 06 Июль 2022 Жамият
510 0

Тошкент шаҳар Яшнабод туман «Ибрат» МФЙ Ифтихор кўчасида жойлашган «Чангаллик» қабристонида олиб борилган археологик кузатув-қидирув ишларида IX-X асрларга оид бўлган археологик ёдгорлик топилди.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Дилмурод Нормуродовнинг айтишича, Чирчиқ дарёсининг ўнг томонида, дарё ўзанидан 220 метр узоқликда жойлашган ушбу қабристон шимоли-шарқдан жануби-ғарбга чўзилган. Унинг узунлиги 390 метр, кенглигининг қисқа жойлари – 75 метр ва энг кенг жойи 125 метрни ташкил қилади. Қабристоннинг ўртасида ён-атроф текисликдан 2 метр баландликда, майдони 0.44 гектар келадиган тўртбурчак шаклдаги тепалик ажралиб туради. Тепалик кўздан кечирилди ва унинг ўрнида археологик ёдгорлик аниқланди.

Тепалик сиртидан ИХ-Х асрларга оид бўлган, сирланмаган, аммо қора бўёқ оқизиб ва тирнаб безак берилган сопол идиш намуналари, 20х20х3-35 сантиметр ҳажмда пишган ғиштлар топилди.

Ўрганилган тепалик эскидан қабристонга айлантирилган бўлиб, унинг бутун майдони кичик дўнглик ва чуқурчалардан иборат. Тепаликни кўздан кечириш жараёнида мармартошдан узун қилиб йўнилган, араб ёзуви ўйиб ёзилган ёдгорлик — қабртош аниқланди. Қабртошдаги ёзувларга қараганда у хижрий 1317 йилда вафот этган шахсга атаб қўйилган.

Тепаликда яна икки дона шунга ўхшаш қабртош мавжуд бўлиб, қабристоннинг алоҳида жойга олиб бориб қўйилган. Улардан бирига 1295, иккинчисига 1313 рақами ёзилган. Қабртошлардаги йиллар ҳижрий-қамарий ҳисобда ёзилган бўлиб, милодий ХIХ асрнинг 4-чорагига тўғри келади.

Шунингдек, ҳудудни ўрганиш асносида қабристон қоровули томонидан топилган кўзача ҳам давлат музейларига топшириш учун қабул қилиб олинди. Кўзача қабрларни суваш учун келтирилган тупроқ орасидан чиққан ва асраб-авайлаб келинган.

Ушбу топилмалар «Чангаллик» қабристонининг археологик ёдгорлик экани билдиради. Мутахассислар милодий IX-X асрларда бу ҳудудда қишлоқ мавжуд бўлгани ва ХИХ асрдан эътиборан қабристон вазифасини ўтаб келаётганини маълум қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер