Тошкентда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича Молдова ва Туркия тажрибаси ўрганилмоқда

12:19 31 Август 2022 Иқтисодиёт
643 0

2022 йил 29 август куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро экспертлари иштирокида Ўзбекистонда географик кўрсаткичларни янада самарали жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни алмашиш мақсадида тренинг ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Адлия вазирлиги ходимлари учун ФАОнинг «Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич – бу хусусияти ва обрўси унинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган ўзига хос географик келиб чиқишга эга маҳсулотларга қўлланиладиган белги. Прованснинг зайтун мойи, Хитой ва Лион ипаклари, Самарқанд қоғози, Бавария пивоси, Бразилия қаҳваси, шотланд вискиси, Сейлон чойи, Бордо, Луар ва Бургундиянинг узумзор ва винолари бунга ёрқин мисол бўла олади. Қисқаси, географик кўрсаткичлар маҳсулотларнинг географик келиб чиқиши ҳақида ўзига хос белгилар бўлиб, бу уларнинг сифати ва ўзига хос хусусиятларининг кафолати ҳисобланади. ФАО мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонуни туфайли Ўзбекистонда уларнинг келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий товарлар «географик кўрсаткичлар» мақомига эга бўлиши ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин.

Тренинг давомида Туркия патент ва товар белгилари идорасининг Географик кўрсаткичлар бўлими бошлиғи Ҳакан Қизилтепе Туркиядаги интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва географик кўрсаткичлар тизими ҳақида тақдимот қилди ва географик кўрсаткич логотиплари, товар белгилари ва бошқа сифат белгилари ўртасидаги фарқларни тушунтириб берди, шунингдек, уларни амалга ошириш учун амалий воситалар ҳақида гапириб берди. Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг географик кўрсаткичлар бўлимидан Неше Альтинташ ўз тақдимотида Туркияда географик кўрсаткичларни назорат қилиш, сертификатлаш ва мониторинг қилиш қандай ташкил этилганлиги ва истеъмолчилар тўғрисида хабардорлик бўйича тадқиқотлар қандай олиб борилиши ҳақида гапириб берди. Молдовa Республикаси интеллектуал мулк Давлат агентлигининг товар белгилари департаменти раҳбари Симион Левичи ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Молдовада географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашди. ФАОнинг аграр сиёсат бўйича мутахассиси Дмитрий Звягинсев эса ўз чиқишида географик кўрсаткичларни жорий этиш фермер хўжаликлари даромадларини ошириш ва қишлоқ жойларини барқарор ривожлантиришга қандай хизмат қилишини асослаб берди.

Таъкидлаш жоизки, географик кўрсаткичларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларини ривожлантириш ФАО томонидан амалга оширилаётган «Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларига маркетинг стратегиясини аниқлашга имкон беради, шу билан истеъмолчиларнинг хабардорлигини оширади ва бозор иштирокчиларининг ўзаро қизиқишини кучайтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер