Тошкентда фуқароларнинг шахсий маълумотларини тўплаб келган жиноий гуруҳ фош этилди

16:37 17 Март 2025 Жамият
165 0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида фуқароларнинг банк карталаридаги пул маблағлари ва уларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш билан шуғулланувчи cаll-марказ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бир гуруҳ шахслар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уйлардан бирини ижарага олиб, у ерда cаll-марказ фаолиятини йўлга қўйган. Гуруҳ аъзолари фуқароларга қўнғироқ қилиш орқали фирибгарлик йўли билан уларни алдаб, мол-мулкларини талон-торож қилиб келган. Ушбу cаll-марказда икки нафар ташкилотчи ҳамда 20 га яқин оператор фаолият юритган.

Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланган. Улардан 15 мингдан ортиқ фуқаронинг абонент рақамлари, шахсга доир маълумотлари, гиёҳвандлик моддалари, 35 дона уяли алоқа воситаси ва 10 дан ортиқ пластик карталар расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278−4-моддаси (Компьютер ахборотини модификациялаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер