Тошкентда Франция тараққиёт агентлиги билан йиллик маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди

21:53 31 Январь 2023 Сиёсат
564 0

Жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида ФТА кўмагида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бажарилишини муҳокама қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган истиқболли ташаббусларни белгилаб олишга бағишланган IV йиллик маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида (ИССВ) маълумотига кўра, тадбирда Франция тараққиёт агентлиги, Европа ва ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Франциянинг «Expertise France» халқаро техник экспертиза агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон тегишли вазирликлари, идоралари ва тармоқ бирлашмалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида маълум қилинганидек, 25-27 январь кунлари бўлиб ўтган техник йиғилишларининг биринчи босқичида Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, чорвачилик ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишларида амалга оширилаётган жами 814 миллион евролик 9 та ФТА лойиҳасининг ҳозирги ҳолати муҳокама этилди.

Учрашувлар якуни бўйича 2023 йилда лойиҳаларни амалга ошириш доирасидаги қатор тадбирларни назарда тутувчи «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Шунингдек, маслаҳатлашувлар давомида ФТА фаолияти, унинг 2022 йилдаги асосий ютуқлари ва 2023 йилда Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил ноябрь ойида Францияга давлат ташрифи ФТА ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга кучли туртки бўлди.

Тадбир сўнгида ҳар икки делегация вакиллари энергетика, «яшил» иқтисодиёт, шаҳарларни ривожлантириш, сувдан фойдаланиш ва барқарор молиялаштириш соҳаларида қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер