Тошкент вилоятининг 13 ҳудудида йил давомидаги топшириқлар рисоладагидек ижро этилмади

16:19 20 Декабрь 2020 Жамият
524 0

Фото: Нозим Абдуллоҳ

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси ҳамда ҳудуднинг тўртала сектор раҳбарлари ва ОАВ ходимлари иштирок этган сессияда вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг аҳолига мурожаати тингланди. Унда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилга нисбатан ўсиши таъминланди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш борасида ҳам ютуқлар мавжуд. Аҳолининг реал даромадлари ҳам ошмоқда. Маҳаллий бюджетнинг белгиланган даромад режасини ошириб бажариш ҳисобига  371,7 млрд. сўм қўшимча маблағ шакллантирилди ҳамда жами 295 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 273 та янги корхоналар экспортга жалб этилиб, экспортёр корхоналар сони 578 тага етказилди.

Фото: Нозим Абдуллоҳ

Ана шундай ижобий силжишлар туфайли 411 турдаги 1 048 хил маҳсулотлар экспорт қилинди. Ўтган йилга нисбатан бу борада аниқ ўсиш суръатлари қайд этилмоқда.

—2020 йилда  чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида ижобий натижаларга эришдик,-дейди вилоят Кенгашининг раиси Р.Холматов аҳолига йўллаган ўз мурожаатида. — Деҳқончилик тармоғига илм-фан янгиликларини дадил жорий этиш туфайли хорижий давлатларнинг илғор технологиялари асосида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш услуби кенг ёйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 мартдаги Осиё тараққиёт банки иштирокида «Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш (1 босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 143,8 млн.АКШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига 6 та йирик лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу борада 2 та лойиҳа қурилиши амалга оширилмоқда.

Фото: Нозим Абдуллоҳ

Короновирус пандемияси давридаги иқтисодий тақчилликларга қарамасдан МТМ ва умумтаълим мактабларини, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ҳамда янгитдан қуриш жараёнларида ҳам тегишли ютуқлар қўлга киритилмоқда,- дейди ўз сўзида вилоят раҳбари.

Тошкент вилояти ўз географик ўрни туфайли мамлакатимизда алоҳида ажралиб туради. Унинг тоғ ва арчазорлари, бетакрор ўрмонлари, мафтункор денгизу сув ҳавзалари,  ёввойи шароитда ўсаётган доривор гиёҳлар ва ҳайвонот дунёси кишини ўзига мафтун этади. Чорвоқ, Белдирсой, Амирсой, Чимён, Бурчмулла, Юсуфхона, «Тибет» санаторий-курорт мажмуаси, «Оқтош» даволаш маскани сингари бетакрор табиат манзараси билан уйғунлашган ҳудудлар вилоятда туризмни ривожлантиришга асосий омил бўлмоқда. Шу боис вилоят раҳбарин ўз мурожаатномасида бу соҳага ҳам алоҳида тўхталди.

Фото: Нозим Абдуллоҳ

— 2020 йил бошида 273 та туризм объектлари мавжуд бўлган бўлса, ўтган 11 ойи давомида 249 та манзиллар янгитдан ташкил этилди. Паркент туманининг Кумушкон қишлоғида республикада биринчилардан бўлиб «Туризм қишлоғи» лойиҳаси бошланди,-дейди Р.Холматов.

Афсуски, вилоят ҳокими таъкидлаган бу топшириқлар барча туман ва шаҳарларда рисоладагидек ижро этилмади. Мисолларга мурожаат этамиз: жорий йилнинг ўтган 11 ой якуни бўйича янги кичик бизнес субъектлари ташкил этишнинг ойма-ой прогнози Тошкент, Янгийўл, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Паркент, Бўстонлиқ, Чиноз, Оҳангарон туманлари ҳамда Чирчиқ,Янгийўл, Ангрен,  Бекобод, Олмалиқ шаҳарларида бажарилмасдан қолди.

Сессияда бу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш чораларини қидириб топиш юзасидан аниқ режалар таклиф қилинди.

Хуллас, вилоят ҳокимининг мурожаатномаси диққат билан тингланди ва депутатларнинг тўлиқ овоз бериши билан қабул қилинди.

Фото: Нозим Абдуллоҳ

Сессия сўнггида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар ҳамда сектор раҳбарлари «Ҳудуд билан энг фаол ҳамкорлик қилган сенатор», «Сайловчилар билан энг фаол иш олиб бораётган сенатор», «Ҳудуд билан энг фаол ҳамкорлик қилган Қонунчилик палатаси депутати», «Сайловчилар билан энг фаол иш олиб бораётган Қонунчилик палатаси депутати», «Йилнинг энг фаол депутати» каби бир қатор йўналишлар ғолиблари вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Булар орасида таҳририятимизнинг фаол муаллифлари, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова, Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖ Бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Максуда Варисова ва Расул Кушербаевларнинг борлиги ҳаммамизни қувонтиради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?