Тошкент вилоятидаги иқтисодий-ижтимоий муаммолар танқидий кўриб чиқлди

21:37 05 Апрель 2021 Жамият
359 0

Нурафшонда Тошкент вилоят ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда, Сенат Ишчи гуруҳининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш борасида аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар натижаси муҳокама этилди. Йиғилишда тегишли Қўмита раислари, сенаторлар, вилоятнинг сектор раҳбарлари, ташкилот ва корхоналар мутасаддилари, вилоят Кенгаши депутатлари иштирок этишди.

Сенат Ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятида олиб борган ўрганиш натижалари атрофлича таҳлил қилинаркан, туманларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жойларда аёллар саломатлигини тиклаш, уларга тегишли соҳа мутахассислари томонидан малакали тиббий хизматлар кўрсатиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги муаммолар ўз ечимини топмаётганлиги айтилди..

—Сенат Ишчи гуруҳининг вилоятга ҳар галги ташрифида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан 2020 йил 6 октябрь куни ўтказилган сайёр йиғилишда белгиланган вазифалар ҳам тизимли равишда бажарилмоқда, — деди Сенат Раиси Танзила Нарбаева. — Бюджетга жами 445 миллиард сўм, шундан маҳаллий бюджетга 244 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари аниқланиб, 83,2 миллиард сўм қўшимча солиқлар ҳисобланиши таъминланди. Маҳаллийлаштириш бўйича 7 та истиқболсиз лойиҳалар 14 та янги лойиҳалар билан алмаштирилди. Шунингдек, Сенат қарори билан вилоятда ижроси таъминланмай келган умумий қиймати 294,4 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа ишга туширилишига эришилди. Маҳаллий бюджетдан мақсадли ва самарали фойдаланишда қонунбузарликка йўл қўйган 50 нафар мансабдорлар жавобгарликка тортилиб, келтирилган 1 миллиард сўмлик зарар ундирилди. Бюджетга эса 22 миллиард сўм миқдоридаги солиқ тўланишига эришилди.

Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида аниқланишича вилоятда 380 та МФЙ ўз биносига эга эмас! Хўш энди ўйлаб кўринг фуқаролар у ёки бу масаладаги муаммосини қайси бинодаги оқсоқолга айтади?! Оҳангарон, Тошкент, Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Бўка, Янгийўл, Чиноз туманларида инфратузилма тизими шаклланмаган. Бу аҳоли кайфиятига салбий таъсир ўтказмоқда.

Яна бир оғриқли нуқта бу маҳаллалардаги таъмирталаб ички йўлларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганидир. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси ҳам кўнгилдагидек эмас.

Йиғилишда таъкидланганидек, Тошкент, Қибрай, Чиноз, Қуйи Чирчиқ туманларидаги сектор раҳбарлари бугунги кун талаби даражасида ишлолмаяптилар. Ижтимоий муаммоларни «маҳаллабай» ҳал этиш тизимининг мазмун моҳияти аҳолига тўлиқ етиб бормаган. Натижада хотин-қизларнинг кўпчилиги «аёллар дафтари»нинг вазифаси хусусида тасаввурга эга эмаслар. Бу дафтарга ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир оилавий шароитда яшаётган хотин-қизлар киритилиши лозим бўлсада, ўзига тўқ оилалар вакиллари шу рўйхатга тиқиштирилган. Сабаби, кимгадир уй-жой, кимгадир эса имтиёзли кредит зарур бўлган. Бу кўзбўямачиликларни негадир сектор раҳбарлари илғамаётир ёки кўриб кўрмасликка олмоқда...

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизими фаолияти ҳам қониқарсиз аҳволда. Она ва бола саломатлигини асраш, соғлом аёлдан баркамол фарзанд дунёга келиш тамойилига амал қилинмаяпти. Ушбу соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишда тизим раҳбарияти масъулиятни ҳис этмаётир. Йиғилишда улар фаолиятига ҳаққоний баҳо бериш вақти келганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, вилоят халқ таълими, МТМ, Бандлик, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Агробанк ва Халқ банкининг ҳудудий бўлимлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳам уқтирилди.

Айниқса, Чиноз туманида аҳоли муаммолари билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таъмирталаб хонадонлар ва ижара уйларида яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш ўрнига, уларнинг мурожаатлари четга суриб қўйилмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари ва депутатлар Сенат Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган барча масалалар ечимини топиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шодиёр Мутаҳаров
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?