Тошкент вилоятидаги айрим сайлов участкалари тугатилди

17:28 14 Сентябр 2021 Сиёсат
440 0

Нурафшонда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Унда, Тошкент вилояти ва шаҳрининг маъмурий ҳудудий тузилиши ўзгариши сабабли округ тасарруфидаги Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманларидаги 25 та сайлов участкалари тугатилгани маълум қилинди. Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги тегишли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округи ҳудуди бўйича сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 4 та туман ҳокимларининг тақдимномалари бу хулосага асос қилиб олинди.

Округ сайлов комиссиясининг қарорига кўра,Зангиота туманидаги 303-, 304-, 305-, 306-, 309-, 310-, 311-, 312-, 313-, 314-, Юқори Чирчиқ туманидаги 703-, Ўрта Чирчиқ туманидаги 834-, 835-, 836-, Қибрай туманидан 897-, 904-, 905-, 906-, 907-, 908-, 909-, 910-, 911-, 912, 913-сайлов участкалари ҳудуд рўйхатидан чиқарилди.

Эндиликда, 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг тегишли қарорларига асосан, вилоятда илгари хабар берилганидек, 988 та эмас, балки, 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади.

Йиғилиш сўнггида Нурафшон шаҳридаги сайлов участкалари раисларига гувоҳномалар топширилди.

Олмалиқ шаҳрида ҳам 77 минг 765 нафар фуқаролар овоз беришига юксак тайёргарлик ишлари олиб борилаётган 41 та сайлов участкаси комиссиялари аъзолари, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари ва ёшлар вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда мазкур сиёсий жараёнга Олмалиқда бир қатор тадбирлар амалга оширилгани таъкидланди. Жумладан, барча сайлов участкалари атрофи ободонлаштирилди, маҳаллалардаги ички йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Ирригация(ариқ, зовур, канал ва чиқинди йўллари) ва ичимлик сув тармоқлари тартибга келтирилди. 1 минг 520 нафар имконияти чекланган сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида овоз бериш манзилларининг кириш ва чиқиш қисмига 16 та янги нишаб (пандуслар) қурилди. Барча бинолар телефон ва интернет алоқаси билан тўлиқ таъминланиб, замонавий компьютерлар ўрнатилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?