Тошкент вилоятида ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва юборишдаги қинғирликлар очиқланди

14:34 09 Февраль 2024 Жамият
156 0

Ижтимоий тармоқда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари сифатида масъуллар билан фикр алмашгани ҳақидаги видео тарқалди. Унга кўра, вилоят ҳокими жойларда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва юборишдаги қинғирликларни очиқлаган. Жумладан у масъулларга юзланиб бундай дейди: “Ҳақиқий йигитлик ғурури уйғонганларни 600 минг сўмга тиббий кўрикдан ўтиб кел деб, четга суриб қўяяпсизлар. Оёғида калиши бор бева-бечорани боласини атайлаб олиб келасилар, чунки, сениям, профилактика инспекториниям гапинг, кучинг шунга етади. 17 ёшга кирсаям тирноғини онаси олиб қўядиган эркатойларни ҳарбий хизматга олиб келаяпсизлар. Улар армияниям ўйин қилиб юборишади. Орқасидан ҳар куни кўргани боришади, бир куни шашлик, бир кун манти...”

Йиғилишда ҳарбий хизматга чақирилувчилардан 150 минг сўмдан 600минг сўмгача пул тўлаб тегишли тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинаётгани фактлари ҳам очиқланган. Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳрида ошқозон-ичак фаолиятини текширувчи ФГБС аппаратларида ишловчи мутахассис йўқлиги боис, ҳарбий хизматга чақирилувчилар хусусий клиникаларга ўз ҳисобидан 150 минг сўм тўлаб ташхис қўйдиришга мажбурий юборилган.

— 150 минг сўмни қанчаси бош шифокор чўнтагига тушгани менга қоронғи, — дейди ҳоким. — Натижада бу иккала ҳудуддан 40 нафардан зиёд йигитлар: “ҳарбий хизматга боришга хоҳишим бор, лекин бунча пул тўлаб зонт ютишга имкониятим йўқ” — дейишган.

Айниқса, Янгийўл, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманларида ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг соғломлик даражасини белгилаш ва уларни тегишли ҳарбий хизматларга йўналтиришда сохтакорликлар юзага келгани ҳам очиқланган. Бунинг оқибатида ушбу ҳудудларда жисмонан бақувват, соғлом фикрли, муддатли ҳарбий хизматга яроқли йигитлар Ватан ҳимоясига шай бўлсада, ҳужжатларда уларнинг соғломлик даражаси сохталаштирилгани оқибатида мудофаа бўлимлари бажариши керак бўлган режа-топшириқлар паст кўрсаткичларда қолиб кетган. Ҳоким бундай иллатларни “таниш-билишчилик”, “манфаатлар тўқнашуви” ва “қинғир йўллар” — деб, қораларкан: “Томирида Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангуберди қони жўшиб турган мард йигитлар бир четда қолиб кетиб, ҳарбий хизматга, унинг қийинчилик ва масъулиятига чидолмайдиган, нозик жуссали, сабрсиз болаларни юборганлар мана шу залда ўтирибди” дея, ўз фикрини давом эттиради.

Вилоят раҳбари залдаги масъулларга қарата: “Мен ҳар доим давлат хизматчиларига бир нарсани такрорлайман, бу залларга кириб давлатдан топшириқ олганига шукр қилиб юр. Лавозимингдан кетсанг мана шу залларга кириш ҳам орзуга айланади. Сарғайиб ўтирсангда, ўзинг хизмат қилган идорага киролмайсан. Хизмат қилган идоранг сени йўқламай қўяди” — деб, уқтирган.

Йиғилишда, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва мудофаа бўлимларига бу борадаги камчиликларни уч кун муддатда тугатиш, ёшларни ҳарбий хизматга сафарбар этувчи тиббий кўрикларга малакали шифокорлар ва тегишли мутахассисларни жалб этиш вазифаси юклатилган. Бу иш ижросини таъминлаш, вилоятнинг тиббиёт тизимидаги қинғирликлар туфайли ишдан олинган бош шифокорлар ва тизим раҳбари кирдикорлари фош этилган йиғилишдан сўнг ўз лавозимига қайтган, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг собиқ раҳбари Тўрақул Арзиқулов зиммасига юклатилган.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?