Тошкент вилоятида самарасиз боғлар ўрнига сабзавот етиштирилади

18:51 29 Ноябрь 2021 Жамият
305 0

Фото: «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ва томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган масалалар ижроси юзасидан Тошкент вилоятида ҳам жадал суръатда аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Ҳудуд раҳбари вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев шу ва бошқа тадбирлар жараёни билан танишиш юзасидан Янгийўл ва Чиноз туманидаги қатор хўжаликларда бўлди.

Жумладан, М-39 Тошкент-Термиз йўналишидаги автомагистрал йўлининг 822 дан 847 километригача бўлган ҳудудда мавжуд фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 130,4га ер майдонларида узумнинг "Келин бармоқ", "Сўғдиёна", "Қора кишмиш", "Ризамат ота", "Ҳусайни" каби барча суйиб истеъмол қиладиган навлари экилмоқда. Ҳадемай бу жойлар ички ва ташқи бозорни сархил узумлар билан таъминловчи маконга айланади. Мазкур узумзорларни ташкил этиш, кўчатларни парваришлаш учун Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани тажрибаси оммалаштирилмоқда. Ушбу мақсадда ҳудудга олтиариқлик чапдаст боғбону деҳқонлар таклиф этилган.

Чиноз туманидаги "Олтин дон" агрокластери тасарруфидаги 15 гектар майдонда эса узумнинг "Ҳусайни" ва "Ризамат ота" навлари экиляпти.

Туман мутахассислари томонидан М-39 автомобиль йўлининг Чиноз тумани қисмида "Яшил макон" акцияси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Вилоят раҳбари ҳудуд масъуллари, деҳқон хўжаликлари вакиллари билан суҳбатда ҳозир тумандаги 101 нафар фермерга тегишли 978 гектар майдонда ташкил этилган сифатли ва мўл ҳосил берадиган боғлар майдонини янада кенгайтириш, токзорларни агротехника қоидалари асосида парваришлаш юзасидан тавсиялар берди. Айни пайтда самарасиз боғлар ўрнида кўпроқ сабзавотлар етиштириш, шу тариқа озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти барқарорлигини кафолатлаш бирламчи масалалардан экани алоҳида  қайд этилди. Манзилларда деҳқон ва фермерлар томонидан билдирилган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?