Тошкент вилоятида “BAYIR” улоқ-кўпкари спорт клуби иш бошлади

04:05 31 Май 2021 Спорт
1439 0

Тошкент вилояти Тошкент туманида “BAYIR” улоқ-кўпкари спорт клубининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан куни кеча ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бобожонов, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуҳра Миргазиева, Тошкент тумани ҳокими Одилхон Рустамов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раиси Набижон Жўраев ҳамда Тошкент тумани сектор раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2021 йил 11 мартда қабул қилинган «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда спорт соҳасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси ташаббуси билан давлат – хусусий шерикчилик асосида янгидан қад кўтарган “BAYIR” улоқ-кўпкари спорт клуби фаолиятининг бошланиши ҳам ана шу ислоҳотлар самарасидир.

Қувонарлиси, спорт клуби мураббийларида миллий ғуруримиз бўлган 100 бош қорабайир зотли отларни чоптириш, боқиш ва парваришлаш, шунингдек, миллий ва анъанавий от ўйинларини ўргатишга мўлжалланган барча зарур шароитлар муҳайё қилинган.

Тадбир аввалида Тошкент вилояти ҳокими ва меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Шундан сўнг “BAYIR” улоқ-кўпкари спорт клубида тарбияланаётган чавандозлар ва тулпорлар иштирокида кўргазмали улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди.

Дарвоқе, тадбир доирасида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг раиси Б.Махситов юртимизда улоқ-кўпкари ва от спорти ривожига ўзининг муносиб улушини қўшиб келаётган спорт жонкуяри, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раиси Набижон Жўраевни «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирлади.

Шуни таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг йилқичиликни ривожлантиришга қаратган алоҳида эътибори ёшлар орасида улоқ-кўпкари спортига бўлган қизиқишини янада ошириб, ушбу спорт клубида янги авлод чавандозлари, вилоят, республика, жаҳон чемпионатлари ғолиблари етишиб чиқишига ҳамда от спортининг халқаро довруғини оширишга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер