Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари ўзгартирилди

17:19 27 Август 2021 Жамият
609 0

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг ўзида бир неча маротаба Тошкент шаҳри
ва Тошкент вилоятига ташриф буюрган эди.

Ташрифлар давомида ушбу ҳудудларнинг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли кўрсатма ва вазифалар берилди.

Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти
ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш ташаббуси ҳам мана шу ташрифлар маҳсулидир.

Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2 737,2 минг кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган, аҳолининг зичлиги 1 км кв.га 7 564 кишини ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, келажакда Тошкент шаҳрини ривожлантириш, унинг ҳудудини янада кенгайтириш каби масалаларни юзага чиқаради.

Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг йил сайин ошиб бориши шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади. Бу каби муаммолар Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкин.

Шу боис, ялпи мажлисда муҳокама қилинган ушбу масала Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар (шундан, 578,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар (шундан,
1 090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари)
 ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар (шундан, 1 002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри таркибига ўтказилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (суғориладиган) ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тошкент шаҳрига ўтказилаётган Тошкент вилоятининг тегишли ҳудудларидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари тегишлича Тошкент шаҳри халқ депутатлари ҳисобланиши белгиланмоқда.

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларда 42 та МФЙ мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда 95 872 нафар аҳоли (23 249 та оила, 29 010 та хонадон мавжуд) истиқомат қилади. Ушбу ҳудудларда 15 та (2025 ўринли) мактабгача таълим ташкилоти, 16 та (8756 ўринли) умумтаълим мактаблари ва 6 та оилавий поликлиника мавжуд.

Шу билан бирга, 1 421 та кичик тадбиркорлик субъекти саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида фаолият юритмоқда. Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига ер майдонлари ўтказилиши натижасида аҳоли турмуш шароити янада яхшиланиб, ишлаб чиқариш
ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шаҳар экспорт салоҳиятини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилашга олиб келади.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудларни муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш бўйича Ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ҳукумат қарори билан Тошкент вилояти ва шаҳрининг бир-бирига ўтказилаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли хатловдан ўтказиш орқали янги манзил бўйича қайта рўйхатга олинади. Вилоят ва шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўчмас мулклари кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақамларини ўзгартириш
ва гувоҳнома бериш каби масалалар ҳал этилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?