Тошкент вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожидаги муаммолар нимада?

22:54 30 Декабрь 2021 Жамият
969 0

Тошкент вилояти ўзининг мўътадил иқлими, ер ости бойликлари захираси, тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш салоҳияти юқорилиги билан мамлакатимиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу эътироф вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудуд аҳолисига мурожаатида ҳам бир неча бор таъкидланди. Депутатлар иштирокида 2021 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, 2022 йилнинг устувор йўналишлари белгиланган ушбу анжуман, ҳудуддаги, “мендан кетгунича, эгасига етгунича” қабилида иш тутувчи айрим боқибеғам раҳбарлар, ҳокимлар ва мутасаддиларни ҳушёрликка чақирди.

Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, 3 миллион нафарга яқин аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ортмоқда. Саноат, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш-пудрат ишлари ривожланмоқда. Айниқса, кичик бизнесни тараққий эттириш ҳамда инвестиция лойиҳалари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутасадди ташкилотлар тақдим этган таҳлилларга қараганда, вилоятда металлургия, енгил саноат, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 дан 2 баробарга ортган. Айниқса, маҳаллий саноатни ривожлантириш негизида 139 та лойиҳарни амалга ошириш ҳисобига жами, 850,0 млрд. сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилиб, четдан келадиган маҳсулотлар ҳажми 85 млн долларга камайган. Бу, албатта, вилоят ғазнасига қўшилган муҳим улушдир. Шунингдек, кооперация алоқаларини кенгайтиришда ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Вилоятнинг Оҳангарон, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ каби саноат ҳудудларида экспорт қилинувчи маҳсулотлар ҳажми йил сайин ортаяпти. Ишлаб чиқариш корхоналаридаги иқтисодий ўсиш натижалари албатта, биринчи навбатда ишчи-хизматчилар ва шу ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалишига йўналтирилмоқда.

Ҳаётбахш дастурлар

Тошкент вилояти раҳбари бу ютуқларни қисқача шундай баҳолади: “47 та кичик саноат ва 3 та эркин иқтисодий ҳудудларда 11847 та, жумладан, кичик саноат ҳудудларидаги 137 млрд. сўмлик 21 та лойиҳалар ҳисобига 674 та, иш ўринлари яратилди.

Дастурга асосан режалаштирилган 296 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 340,1 млн. Долларга ёки режага нисбатан 114,9 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса, 105,4 фоизга ошиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4 025 млрд. сўмга тенг бўлган 636 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 13.334 та янги иш ўринлари яратилди.

2021 йил якунига қадар барча дастурлар ҳисобига жами 15,1 трлн. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 983 та (режа 357 та) лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 4,5 трлн. сўмлик янги ишлаб чиқариш қувватларида 24,8 мингдан (режа 11,8 минг) зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади”.

Депутатлар эътиборига ҳавола этилган кейинги ютуқларни З. Мирзаев қуйидагича шарҳлади:

“Вилоятда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам бир қатор ижобий натижалар мавжуд. Жумладан, мактабгача таълим соҳасида маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига 14 та, давлат хусусий шериклик асосида 6 та, хусусий ташаббус ҳисобига 11 та, оилавий нодавлат йўналишида эса 625 та тарбия масканлари барпо этилди. Булар ҳисобига вилоятдаги 218,6 минг нафар боғча ёшидаги болаларнинг 144,9 минг нафари ёки 66,3 фоизи қамраб олинди”.

Халқ таълими тизимида ҳам ушбу дастурлар доирасида маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган жами 458,9 млрд. сўм маблағ ҳисобига янги мактаблар қуриш, эски иншоотларни жорий ва мукаммал таъмирдан чиқариш, янги спорт залларини ўқувчилар ихтиёрига топшириш ишлари амалга оширилган.

Бироқ...

Эътироф этилган ютуқлар билан бирга ҳудудда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Биргина таълим соҳасида 20 та ҳудудда янги мактаб қуришга эҳтиёж бор, 147 та мактабга қўшимча бинолар зарур. 113 та мактаб эса мукаммал таъмирга муҳтож, 182 та таълим даргоҳларида спорт зали йўқ ёки 14 та мактаблар узлуксиз ичимлик суви билан таъминланмаган

Вилоятнинг тиббиёт тизими ҳам тезкор ислоҳотларга муҳтож. 1182,5 та врачлик лавозимлари вакант ҳолатида. Бўстонлиқ, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Тошкент, Бўка, Юқори Чирчиқ, Пискент туманлари ва Ангрен, Бекобод шаҳарлари аҳолисининг тегишли тиббиёт мауссасаларига қилган мурожаатлари таҳлилига кўра, ушбу ҳудудларда юрак қон-томир, ошқозон-ичак, эндокрин ва онкологик касалликлар даражаси юқорилиги қайд этилмоқда. Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ, Оҳангарон, Қуйи Чирчиқ, Чиноз туманларида гўдаклар ўлими даражаси вилоят кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда. Оҳангарон, Зангиота, Қибрай туманлари ва Оҳангарон шаҳрида эса оналар ўлими кўрсаткичлари баланд.

Бу рақамлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларини жиддий ўйлашга ундайди. Бироқ ундан тезкор хулоса чиқарадиган мутасаддилар бормикан? Чунки айнан ҳудуднинг тиббиёт соҳаси қатор йиллардан буён депсинишдан чиқолмаётир. Жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш маданияти тўлиқ шаклланмаган. Олий маълумотли ва тажрибали мутахассисларга эҳтиёж катта. Шу боис аҳоли томонидан соҳа ходимларига жиддий эътироз билдирилмоқда.

 

Камчиликларга муросасизлик депутатларнинг ҳам вазифасидир

Иқтисодий таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, хорижий сармояларни жалб этиш, давлат мақсадли кредит маблағларини ўзлаштириш борасида ҳам талайгина муаммолар мавжуд. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ютуқлар билан мақтаниб бўлмайди. Айниқса, Оҳангарон, Пискент, Қуйи Чирчиқ, Чиноз туманларида бу борадаги ишлар ачинарли аҳволда.

Вилоятнинг 13 туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун зарур бўлган — цемент, сиртқи тошлар, оҳактош, қум-шағал, ғишт-черипитца, силикат буюмлар, керамзит каби 8 турдаги ноёб хомашё зхҳираси мавжуд бўлса-да, улардан самарали фойдаланиб, бу ҳудудларда саноатни ривожлантириш, минглаб янги иш ўринлари яратиш ташаббуси йўқ.

Тошкент вилояти раҳбари бу муаммоларни ўртага ташларкан, бундай ўзибўларчилик ҳолатларига тезда барҳам бериш депутатларнинг ҳам вазифаси эканини уқтирди.

Бугунги кунда Олмалиқда йирик тоғ-кон корхонаси мавжуд бўлса-да, қимматбаҳо тошлар ва рангли металларни қайта ишлайдиган заргарлик саноати фаолияти йўлга қўйилмагани кишини ўйлантиради. Агар жойларда аҳолига хизмат кўрсатувчи заргарлик устахоналари, дўконлари очилса, одамлар оддий зирак ёки узук харид қилиш ва таъмирлатиш учун пойтахтга қатнаш  муаммосидан халос бўлишарди. Шунингдек, қишлоқ жойларидаги 527 та маҳаллаларда одамлар учун энг зарур бўлган сартарошхона, этикдўзлик устахонаси, гўзаллик салони, дорихоналар етишмайди.

Вилоятдаги яна бир долзарб муаммо бу — ҳудудда етиштирилаётган 1 600 тонна пилланинг 70 фоизи шу ерда бирламчи қайта ишланса-да, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тайинли корхонанинг йўқлигидир. Айниқса, бир қатор туманларда ипакчилик борасида катта имкониятлар бўла туриб, аҳолининг ипак ва шойи матолари тўқишга бўлган интилишлари, тажрибаси инобатга олинмаётир. Пилла етиштирувчи туманлар аҳолисининг косиблик ва ҳунармандчиликка йўналтириш лойиҳалари ишлаб чиқилганида эди, вилоятдаги ишсизлик кўрсаткичи сезиларли даражада камайган бўларди. Чунки, бугунги таҳлилларга кўра, ҳудудда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 124 минг нафари ишсизлар рўйхатига киритилган. 135 минг нафар киши эса хорижий давлатларга меҳнат мигранти сифатида чиқиб кетишган.

Вилоят раҳбари яна бир долзарб масалада ибратли ташаббусни илгари сурди. “2021-2022 ўқув йилида 30624 нафар 11-синф ўқувчилари ўрта таълим даргоҳларида таҳсилни тугаллайди. Уларнинг билим савиясини бугундан кечиктирмай мукаммаллаштириш лозим. Шу боис вилоятдаги ОТМларда фаолият олиб борувчи 110 нафар профессор-ўқитувчилар олий таълим даргоҳларига кириш имтиҳонларида талаб этиладиган билим савияси паст, дея қайд этилаётган мактабларга бириктирилади”,-дея, таъкидлади З. Мирзаев.

Режаларда узилиш сезилмоқдa

Тошкент вилоятида саноат ялпи маҳсулоти ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш ҳажми ортиши баробарида хориж бозорларини  мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш режаларида узилиш сезилмоқда. Бу оқсоқлик Бўстонлиқ, Бекобод, Оҳангарон ва Қибрай туманларида яққол кўзга ташланади.

 Жумладан, Бўстонлиқ туманидаги “Bananza tade export” масъулияти чекланган жамиятида 9,3 млн доллар, Оҳангарон туманидаги “Expo ohan”да 3,4 млн. доллар, Қибрай туманидаги “Serious status” МЧЖда эса 2,8 млн. долларлик экспорт режалари умуман амалга оширилмаган.

Бу таҳлиллар, мева-сабзавот етиштириш борасида бой тажриба тўплаган ушбу туманлар имкониятидан унумли фойдаланиш илинжида ташкил этилган тегишли корхоналар раҳбарларининг хўжакўрсинга фаолият юритаётганини билдирмайдими?! Афсуски, шундай!

Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида Янгийўл, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Пискент, Зангиота туманлари ҳамда Ангирен ва Янгийўл шаҳарларидаги аҳвол ҳудуд кўрсаткичидан ҳам паст даражада қолаётир.

Маълумотларда вилоятда  жами 39 та кластерлар фаолият юритаётгани қайд этилса-да, мавжуд 6 та пахта-тўқимачилик, 16 та мева-сабзавотчилик кластерлари замон талабларига тўлиқ мослашмаган. Уларда тегишли маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш имконияти мавжуд бўла туриб, ундан самрали фойдаланиш механизмлари йўлга қўйилмаган. Шу боис, биргина пахтани қайта ишлаш борасида ип-калава йигириш жараёни сўнгги босқич бўлиб қолаётир. Уни тўқиб матога айлантириш, бўяш, тайёр маҳсулот ҳолида четга экспорт қилиш жараёнларини ўзлаштириш туфайли минглаб янги иш ўринларини яратиш мумкин.    

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?