Тошкент вилояти божхоначилари томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 5 трлн. 196 млрд. сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилди

19:31 28 Ноябрь 2022 Жамият
626 0

Фото: "Халқ сўзи"

Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан давлатимиз раҳбарининг «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу ҳужжатда 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, божхона назоратини олиб боришда тоифадан ташқари мақомдаги «Масофавий электрон декларациялаш» МЭД божхона постлари ташкил этилиши белгиланган. Унга кўра, ушбу хизмат дастлаб Тошкент вилояти божхона бошқармасида ҳамда Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаларида ташкил этилди.

— «Масофавий электрон декларациялаш» (МЭД) тизими йўлга қўйилиши божхона хизматини ислоҳ қилиш ва уни коррупциядан холи соҳага айлантиришда муҳим қадам бўлди, — дейди Тошкент вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими Наргиза Зухурова. — Айниқса, тадбиркорлик субъектлари билан юк декларациясини амалга оширишдаги талаб ва тартиб-қоидалар соддалаштирилиб, бевосита мулоқотсиз, масофавий ишлаш имкони яратилди. МЭД хизмат тизими ташкил топган вақтдан бугунга қадар 31 нафар ходим томонидан жами 135 минг 306 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

Тегишли соҳа мутахассисларининг маълумотига кўра, 2022 йил январь — октябрь ойлари давомида пойтахт вилояти божхона постлари орқали 1 млрд. 930 млн. АҚШ доллари миқдоридаги товар экспорт қилинган.

Ушбу хизмат ходимлари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларда қайд этилишича, 2022 йил январь — октябрь ойларида импорт ва экспорт товарларининг ташқи савдо айланмаси 5 млрд. 244 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Божхоначилар томонидан эскспортга чиқарилаётган маҳсулотлар вилоят ҳудудидан Хитой, Қозоғистон, Туркия, Россия, Тожикистон, Украина, Афғонистон, Қирғизиcтон, Туркманистон каби давлатлар сари йўл олмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Албатта, бу хизматларнинг ижобий самараси биринчи навбатда давлат бюджетига тушумлар миқдори ошиб бораётганида яққол кўзга ташланади. Шунга кўра, тегишли чегара постлари орқали ҳужжатларни МЭД тартибида расмийлаштириш натижасида давлат ғазнасига 3 трлн. 990 млрд. сўм миқдордаги пул маблағлари ўтказилди. Ўз навбатида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга берилган имконият ва қулайликларга асосан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан вилоят ҳудудига олиб кирилган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва хомашёларга божхона тўловларини тўлашда 5 трлн. 196 млрд. сўм миқдорида имтиёзлар ҳам қўлланилди.

— Мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ва инвестиция жозибадорлигини оширишда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг божхона постларидан ўтишида ҳужжатлар расмийлаштируви жараёнидаги қулайлик ҳамда халқаро талаблар даражасидаги хизмат турлари муҳим ўрин тутади. Бу борада МЭД божхона постининг аҳамияти беқиёсдир, — дейди «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости бошлиғи Рустам Аҳмедов. —  Чунки,у ташкил қилинишидан олдин ТИФ божхона постларида ходимлар томонидан декларацияларни расмийлаштириш кўрсатгичи турлича бўлган эди. Яъни қайсидир постда ўртача кунига 1 та, бошқасида 5-7 та юк декларациялари расмийлаштирилган. Янги тизим туфайли бу хизмат божхона пости ходимларига тенг тақсимланмоқда. Иш самарадорлиги ортиб, кунига ўртача 5-10 та божхона декларацияси имзоланяпти. Эътиборлиси шундаки, бу жараёнда соатлаб ортиқча вақт сарфлаш ва бошқа оворагарчиликларга ҳам чек қўйилди, хизматлар тоифаланиб, тезкорлик таъминланди. Божхона кўриги, юкларни кўздан кечириш, уларни қайта юклаш жараёнлари тамоман соддалаштирилди. Илгари божхона юк декларациясини имзолашга ўртача 4 соат 17 дақиқа сарфланган бўлса, бугунги кунда айни жараёнга кетадиган вақт сезиларли қисқарди.

Мутахассисларнинг фикрича, масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Тошкент вилоятидаги барча МЭД божхона постларида тегишли кўрик ва ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ходимлар ўртасидаги тақсимоти инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда. Барча постларда тезкор ахборот алмашиш учун мессенжер дастури йўлга қўйилган. Шунингдек, аввал ўтказилган божхона кўриги натижасини кейинги божхона постларида кўриш имконияти мавжуд. Барча назорат постларида видеоалоқа ва IP телефон хизматидан унумли фойдаланилаётир. Тизимдаги бундай тезкорлик фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати кун сайин мукаммаллашиб боришига асос бўлмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер