Тошкент вилояти боксчиларининг юксак натижалари

23:33 24 Ноябрь 2020 Спорт
142 0

Нурафшонда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов жорий йилнинг 30 октябрь — 7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг бокс тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида юқори натижаларга эришган вилоят боксчилари ва уларнинг мураббийларини қабул қилди.

Унда сўзга чиққанлар ҳудудда ушбу спорт турини ривожлантиришга кейинги икки йилда алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлашди.

—Ушбу беллашувларда вилоятимиздан жами 37 нафар чарм қўлқоп усталари иштирок этиб, улардан 13 нафари ғолиб ва совриндор бўлишди,-дейди вилоят бокс жамоасининг бош мураббийси Фаррух Қиличев. — беллашувлар якунига кўра, 3 нафар спортчимиз олтин, 4 нафари кумуш ва 6 нафари бронза медалларини қўлга киритишди. Шундай қилиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринга муваффақ бўлдик.

Пандемия шароитига қарамасдан мусобақага кўрилган жиддий тайёргарликлар, спортчиларимиздаги қатъият, машғулотлар жараёнидаги тинимсиз меҳнат туфайли ушбу натижалар қўлга киритилди. Чунки, жамоамизга кучли боксчилар ичидан муносиблари танлаб олинган. Абдумалик Халаков, Асадхўжа Муйддинхўжаев, Алиёр Норалиев, Санжар Турсунов сингари чапдастларимиз рингда юқори натижаларга эришишди. Келгусида, Андижон, Фарғона, Бухоро вилоятлари бокс мактаблари тажрибаларини изчил ўрганиб, жамоамизга таnбиқ этиш устида ишлаяпмиз. Мураббийларимизнинг барча саъй-ҳаракатлари 2021 йилги Токио олимпиадасида вилоятимиз боксчиларини юқори натижалар билан қатнашишига йўналтирилган.

— Бугунги тадбир барча спортчиларда катта таассурот қолдирди, — дейди вилоят жамоаси аъзоси, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатининг олтин медали совриндори Мадияр Саидраҳимов. — Жамоамизда имкониятлар кўлами кенг. Қуйи бокс мактаблари ва тўгаракларидан иқтидорли ёшлар танлаб олинган. Билаги бақувват ёшлар албатта, келгусидаги беллашувларда юқори натижаларни қайт этишига аминман.

—Мен бокс билан ўн йилдан буён шуғулланаман, — дейди жамоа аъзоси, Осиё чемпиони Феруза Казакова. — Вилоятимизда боксни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, биз каби ёш спортчиларга яратиб берилаётган беқиёс шароитлар туфайли мусобақаларда доимо ғалабага эришмоқдамиз. Биргина мисол, 2019 йилда Дубайда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ўз вазн тоифам бўйича 1-ўринга сазовор бўлганман. Аёллар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни, ўсмир қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада эса фахрли 1-ўринни қўлга киритдим. Бу албатта, энг аввало,мураббийларимнинг билим ва тажрибалари ва тинимсиз меҳнатларимиз мевасидир.

Ҳозир барча куч ва имкониятларимни 2024 йилда Францияда бўладиган Олимпиада мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритишга қаратганман.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган самимий суҳбат жараёнида юқори натижалар кўрсатаётган вилоят ёш спортчиларини рағбатлантириш, чекка қишлоқларда ҳам жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасидаги мавжуд ютуқ ва муаммолар таҳлил қилинди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган фикрлар илгари сурилди.

Суҳбат сўнггида жамоа аъзолари ва мураббийларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи),

Нозим Абдуллоҳ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?