Тошкент ва Самарқанд архитектура ва қурилиш институтлари фаолияти трансформация қилинади, уларга академик ва молиявий мустақиллик берилади

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ўзгартириш вазифалари белгиланди.
Бунда Тошкент ва Самарқанд архитектура ва қурилиш институтлари фаолияти трансформация қилинади, уларга академик ва молиявий мустақиллик берилади. Энди:
— Самарқанд архитектура ва қурилиш институти урбанизация, архитектура, дизайн, маданий мерос объектини тиклаш;
— Тошкентдаги институт муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослашади.
Талабалар етакчи лойиҳа-қидирув институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилади.
Ушбу икки олийгоҳда 1 сентябрдан халқаро таълим дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўйишга кўрсатма берилди.
Йиғилишда яратилган имконият ва шарт-шароитларга қарамасдан, ипотека кредити орқали аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, жорий йилда 43 мингта уй-жой учун бюджетда банкларга 13 триллион сўм ресурс кўзда тутилган бўлиб, ўтган олти ойда 3,6 триллион сўм (28 фоиз) ўзлаштирилган.
Шунингдек, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1,2 триллион сўм ажратилган бўлсада, 8,5 минг нафарига 365 миллиард сўм (30 фоиз) тўлаб берилган.
Ажратилган ресурс ва субсидияни ўзлаштириш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан паст.
1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида банк, молия, қурувчи ташкилотлар, нотариус, кадастр идоралари бир жойда ўтириб, аҳолига янги уй-жойлар лойиҳаси, нархи, кредит ва субсидия шартлари бўйича батафсил хизмат кўрсатадиган Ипотека марказларини ташкил қилишга кўрсатма берилди.
Бир ой муддатда субсидия ажратишдаги бюрократияни камайтириш, қурилиш учун ерларни савдога чиқаришни 2 бараварга кўпайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Йиғилиш якунида мутасаддилар ва ҳокимларнинг ахбороти тингланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- НАТО Украина масаласида Россия билан музокара қилишнинг ягона йўлини маълум қилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг