Тошкент ва Наманганда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

12:48 18 Май 2024 Жамият
390 0

Фото: Прокуратура Департаменти

Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, унинг эвазига пора олган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда фуқаролар Д.А. ва У.Ф. 2 нафар фуқарони Тошкент кимё технологиялари институтининг Самарқанд филиалига 2-босқичдан ўқишга киритиб қўйишлари эвазига 5 500 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Т. фуқаро И.С.нинг ишончига кириб, уни қўшни Қирғизистон Республикасидаги университетга ўқишга киритиб, кейинчалик ўқишни Наманган давлат университетига кўчириб бериши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далилар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?