Тошкент — Марказий Осиёнинг маданий-маърифий маркази

13:33 30 Август 2021 Жамият
82 0

Маълумки, Тошкент азал-азалдан Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарларидан бири сифатида, унда савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик, маданият ва маърифат марказларидан бири бўлиб келган. Икки минг йилдан ортиқ вақт давомида бу ердан савдо карвонлари, ҳарбий қўшинлар билан бирга турли дин ва ғоялар ҳам ўтган, улар шаҳар тарихида ўз изини қолдирган.

1865 йили Тошкент Россия империяси томонидан забт этилиб, 1867 йилдан Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий маркази этиб белгиланди. XIX асрнинг 70 йилларидан бошлаб шаҳар Анҳорнинг сўл томонида янги шаҳар қурилиб, у рус амалдорлари ва бошқа европалик аҳоли яшаши учун мўлжалланган эди. Шу даврда шаҳар аҳолиси ҳам тез ўсиб борди. 1868 йили 77 мингдан ортиқ аҳоли яшаган бўлса, 1910 йилга келиб улар сони 235 мингдан ортиб кетди. Тошкент бутун Марказий Осиёнинг на фақат маъмурий, балки маданий маркази ҳам бўлиб қолди.

1930 йилдан Ўзбекистоннинг пойтахти бўлган Тошкент бутун ХХ аср давомида ўзининг қиёфасини ўзгартириб, замонавий шаҳарга айланиб борди.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари республикамизга эвакуация қилинган аҳолини қабул қилишда тошкентликлар халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби азалий хислатларини намоён қилди.

Урушдан кейинги йилларда Тошкент халқаро миқёсдаги маданий тадбирларни ўтказишда ҳам иштирок этди. 1958 йили Осиё ва Африка ёзувчиларининг биринчи халқаро конференцияси Тошкентда ўтказилиши, пойтахтимиз халқаро обрўсининг ўсиб борганлигини кўрсатади. Конференциянинг очилиш маросимида Ш.Рашидов нутқ сўзлаб, икки қитъанинг 37 мамлакатидан ташриф буюрган 204 нафар ёзувчиларни ҳамда Европа ва Америка мамлакатларидан келган меҳмонларни қутлайди.

1968 йил сентябрда жаҳон адабиёти намоёндаларининг диққати яна Тошкентга жамланди. Пойтахтимизга Осиё, Африка, Европа, Америка ва Австралиянинг 46 мамлакатидан ёзувчилар йиғилиб, «Адабиёт ва замонавий дунё» мавзусида симпозиум ўтказишди. Жаҳоннинг маданий марказларидан бири сифатида Тошкентнинг обрўси ортиб борди.

1968 йил май ойида Осиё ва Африка мамлакатлари Тошкент халқаро кинофестивали очилиб, бу биринчи фестивалга 49 та мамлакатдан киночилар иштирок этди. 1974 йили Лотин Америкаси мамлакатларидан киночилар фестиваль меҳмони сифатида иштирок этган бўлса, 1976 йилдан кинофестиваль расмий тарзда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кино усталарининг ўзига хос кўригига айланди, 1982 йили кинофестивалда дунёнинг 90 та мамлакатидан кино санъати усталари иштирок этдилар. Халқаро кинофестивалда «Тошкент руҳи» деб ном олган ва дунё санъаткорларини тинчлик учун ҳаракат йўлида бирлаштирган кучли ҳаракат пайдо бўлди.

Тошкентни кинофестивали сўнгги бор 1997 йилда ўтказилган эди.

ХХ аср ўрталарига келиб Тошкент Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари учун олий таълим ва илмий кадрлар тайёрлаш марказларидан бирига айланди. 1980 йилларга келиб пойтахтимиз олий ўқув юртларида дунёнинг 60 ортиқ мамлакатларидан талабалар билим оларди. Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги илмий текшириш институтлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун илмий кадрлар тайёрлади.

Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида маълум сабабларга кўра Тошкент шаҳри ўзининг минтақадаги маданий ва илмий марказ сифатидаги мақомини йўқотиб борди. Албатта, бунга республикамиздаги ички сабаблардан ташқари Осиёнинг Япония, Корея, Хитой, Ҳиндистон сингари мамлакатларида илм-фаннинг жадал ривожланиши, уларнинг янги илмий марказларга айланиши каби омиллар ҳам сабаб бўлди.

Шунга қарамасдан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентни яна минтақанинг маданий ва илмий маркази сифатидаги мақомини қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, 2021 йил 19 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев «Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида» қарорни имзолади. Кинофестиваль «Ипак йўли дурдонаси» номи остида ўтказиладиган бўлди. Миллий кино санъатини янада ривожлантириш ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этиш фестивалнинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, сўнгги йиллари республикамизда олий таълимни ривожлантиришга, мавжуд илмий-педагогик салоҳиятни юқори малакали замонавий кадрлар тайёрлашга йўналтириш, Тошкентни минтақа учун замонавий таълим ва фан марказига айлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, яқин беш йил ичида чет эл етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари очилиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш умумтаълим, ўрта-махсус ва олий таълим тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитишнинг замонавий интерфаол усуллари жорий қилинмоқда. Республикамизда ҳозирги кунда 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум борлиги битирувчиларни таълимни навбатдаги босқичи билан қамраб олиш борасида яратилган улкан имкониятдир. Ёшларимиз бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасаларида танловларда иштирок этиши имкониятига эга бўлиши, битирувчи ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилда 9 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда эса 50 фоизга етказишни асосий вазифа қилиб белгиланди.

Янги Ўзбекистонда илм-фан ва таълим, адабиёт ва санъат соҳаларида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар ёшларимизни олдимизга қўйган буюк мақсадларимизга муносиб қилиб тарбиялаш билан бирга Тошкентнинг минтақадаги илмий-маданий марказ сифатидаги мақомини тиклаш йўлида ҳам катта қадам бўлади.

Алишер Сабиров,
Марказий Осиё халқаро институтининг (МОХИ) бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди,
Шуҳрат Эргашев,
Низомий номидаги давлат педагогика университети кафедра мудири, тарих фанлари номзоди,
МОХИ эксперти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?