Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижлик фуқаролар учун «Ўзбек мактаби» очилди

12:55 28 Ноябрь 2022 Жамият
408 0

Фото: Халқ сўзи

Беш йилдан буён синов тариқасида университет қошида фаолият юритаётган хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш курсларида 300 дан ортиқ чет эл фуқаролари, жумладан, Корея, Хитой, АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Франция каби давлатлар фуқаролари ўзбек тилини муваффақиятли ўрганишди.

Ушбу меҳнатлар самараси ўлароқ куни кеча университетда «Uzbek school» — хорижликлар учун ўзбек тили тайёрлов курслари мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу курсларда ўзбек тили энг замонавий усул ва воситалар ёрдамида, тил ўрганувчилар хоҳишига кўра кичик, ўрта гуруҳларда ёки индивидуал ўргатилади.

Шунингдек, тадбир доирасида университет ўқитувчилари томонидан яратилган «Хорижликлар учун ўзбек тили»дарслигининг тақдимоти ҳам бўлди.

А1 даража учун мўлжалланган ушбу дарслик оддийдан мураккабга томон мантиқан узвийликда тузилган 12 мавзудан иборат бўлиб, тингловчи ҳарфлардан жумла тузишгача бўлган ёзиш (writing), гапириш (speaking), ўқиш (reading), тинглаш (listening) кўникмаларни эгаллашга имкон яратади. Ҳар бир мавзу охирида тингловчи ўз билимларини текшириши ва мустаҳкамлаши учун махсус тест топшириқлари берилади.

Ушбу дарслик шу йўналишда яратилган мавжуд ўзбек тили қўлланмаларидан инглизча кўрсатма ва изоҳларнинг берилиши, ҳар бир дарсда ишлатилган сўзларнинг инглиз тилидаги таржимаси кўрсатилгани билан ажралиб туради.

Китобга илова этилган аудио-визуал материаллар ўзбек тили фонетикасининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, матнларда акс этган диалоглар орқали турли ситуатив ҳолатларда ишлатиладиган лексик қатлам билан танишади.

Китоб нафақат ўзбек тилини, балки ўзбек маданиятини ҳам ўрганишга ёрдам беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?